Миллий марказнинг ташкилий тузилмаси ва ваколатлари доираси кенгаймоқда

Президентнинг «Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 10 декабрдаги “Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарорига ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Мамлакат тарихда биринчи марта Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига аъзо этиб сайланди. Ўзбекистоннинг 2021–2023 йилларда БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига аъзолигини самарали амалга ошириш мақсадида Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ва Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказнинг кадрлар салоҳиятини кучайтириш лозимлиги белгиланди, дейилади kun.uz сайти хабарида.

Бунда Ташқи ишлар вазирлиги ва Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ ходимлари сонини оширишни назарда тутувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқиш назарда тутилган.  БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига аъзолик туфайли Марказ ва Ташқи ишлар вазирлиги иш ҳажмининг ошиши ҳамда ушбу аъзоликни юқори савияда ўтказиш, шунингдек Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги ташаббусларини янада илгари суриш инобатга олинган.

Марказ бошқарув ходимлари сонини 35 нафардан 38 нафарга ошириш ҳамда БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши билан ҳамкорлик қилиш бўлимини ташкил қилиш режалаштирилмоқда. Шунингдек, Марказ ташкилий тузилмасига бир қатор ўзгартиришлар киритилмоқда.

Қарор лойиҳасида:

  • Президентнинг 2018 йил 10 декабрдаги “Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида”ги ПҚ-4056-сон қарорини Президентнинг 2020 йил 22 июндаги “Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги ПФ-6012-сон фармони билан Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ тўғрисидаги низомга киритилган ўзгартиришларга мувофиқлаштириш;
  • Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ тўғрисидаги низомнинг Марказ ҳуқуқларига инсон ҳуқуқлари соҳасида илмий тадқиқотларни амалга ошириш, магистратура ва олий таълимдан кейинги таълим институтини очиш, инсон ҳуқуқларига риоя этиш ва уни ҳимоя қилиш соҳасида кадрлар малакасини ошириш бўйича ўқув курслари ташкил қилиш, Ўзбекистон Конституциявий суди кўриб чиқиши учун қонунга мувофиқ масалалар киритишни қўшиш;
  • Марказ ходимларини ижтимоий ва моддий рағбатлантиришни назарда тутувчи ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритиш назарда тутилган.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech