Миллий парламентаризмнинг шаклланиши ва ривожланишида Конституциянинг ўрни

Жорий йилнинг 6 декабрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 29 йиллигига бағишлаб «Миллий парламентаризмнинг шаклланиши ва ривожланишида Конституциянинг ўрни» мавзусида парламент конференцияси бўлиб ўтди.

Парламент конференциясида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети, Тошкент давлат юридик университетининг профессор-ўқитувчилари, Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти вакиллари, Қонунчилик палатаси ҳузуридаги «Ёшлар парламенти» аъзолари ҳамда бир қатор олий ўқув юртларининг талабалари иштирок этди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери Нуриддинжон Исмоилов тадбир иштирокчиларини Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 29 йиллик байрами билан самимий табриклаб, Бош қомусимиз демократик суверен давлатимизнинг ҳурлик тимсоли, миллатимизнинг фахру ифтихори, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларининг мустаҳкам кафолати эканлигини алоҳида таъкидлади.

– Сўнгги йилларда Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида Конституциямизнинг туб моҳиятига чуқур сингдирилган демократия ва ижтимоий адолат, инсонпарварлик тамойилларини амалда таъминлаш борасида тизимли ислоҳотлар амалга оширилмоқда, — деди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери Н.Исмоилов. — Ўтган қисқа даврда «инсон ҳуқуқ ва эркинликлари», «қонун устуворлиги», «очиқлик ва ошкоралик», «сўз эркинлиги», «дин ва эътиқод эркинлиги», «жамоатчилик назорати», «хусусий мулк дахлсизлиги» каби конституциявий қоидалар инсонлар ҳаётига чуқур кириб борди.

Қайд этилганидек, «давлат ўз фаолиятини инсон ва жамият фаровонлигини кўзлаб, ижтимоий адолат ва қонунийлик принциплари асосида амалга оширади» деган конституциявий норма асосида мамлакатимизда халқ давлат органларига эмас, давлат органлари халққа хизмат қиладиган самарали ва барқарор тизим шаклланди.

Парламент конференциясида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, академик А. Саидов миллий парламентаризмнинг шаклланиши ва ривожланишида Конституциянинг роли ҳақида маъруза қилди.

Таъкидланганидек, сўнгги йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси асосида демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш ва мамлакатни модернизация қилишда вакиллик органларининг ролини янада кучайтириш, Олий Мажлиснинг мамлакат ички ва ташқи сиёсатига оид муҳим вазифаларни ҳал этиш ҳамда парламент назоратини амалга ошириш бўйича ваколатларини янада кенгайтиришга қаратилган конституциявий ислоҳотлар амалга оширилди.

Мамлакатимизда амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар, халқимизнинг хоҳиш-иродасидан келиб чиқиб, Конституциядаги қатор нормалар такомиллаштирилди. Жумладан, давлат бошқаруви янада демократлаштирилди, ижро ҳокимиятининг масъулияти оширилиб, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан Вазирлар Маҳкамаси аъзоларини тасдиқлаш тартиби белгиланди.

Фуқаролар йиғинлари ўзини ўзи бошқариш органларига сайловларни ўтказиш, фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларини тўғридан-тўғри ёки билвосита чеклашга йўл қўйилмаслиги Конституция нормаларида ўз аксини топди.

Тадбир иштирокчилари конституциявий ривожланишнинг умумжаҳон тенденцияларига алоҳида эътибор қаратган ҳолда, кўплаб давлатларда мамлакат ва жамият тараққиётининг янги босқичида конституциявий ислоҳотлар амалга оширилганлиги, ислоҳотларнинг сифати ва самараси кўп жиҳатдан Конституция асосида яратилган ҳуқуқий имкониятлар билан бевосита боғлиқ эканлигини айтиб ўтдилар.

Тадбирда мамлакатимиз Президенти томонидан Олий Мажлис палаталари қўшма мажлисидаги нутқида парламент вакиллари, кенг жамоатчилигимиз, халқимиз билан яна бир бор маслаҳат қилиб, жаҳон конституциявий тажрибасини ўрганиб, пухта ўйлаган ҳолда бугунги ва келгуси тараққиётимизни белгилаб берадиган Асосий қонунимизни такомиллаштириш масаласини кўриб чиқиш кераклигига эътибор қаратилганлиги алоҳида таъкидланди.

Анжуманда сўзга чиққанлар Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси халқимиз сиёсий-ҳуқуқий тафаккурининг юксак намунаси эканлигини, у эркин ва озод, тинч ва осойишта, фаровон яшашнинг қонуний кафолати бўлиб хизмат қилиб келаётганлигини таъкидладилар.

Парламент конференцияси якунида тегишли таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.

Манба: Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси расмий сайти.

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech