Халқаро форумда Бухоро декларацияси қабул қилинди

Ҳар қандай мамлакатнинг иқтисодий фаровонлиги унинг бошқа давлатлар билан ҳамкорлиги даражасига боғлиқ.

“Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда глобал парламентлараро ҳамкорлик” Халқаро форуми доирасида Бухоро декларацияси қабул қилинди, у барқарор ривожланиш бўйича глобал кун тартибини янада инклюзив, очиқ ва шаффофроқ амалга оширишни таъминлашнинг қисқа муддатли, ўрта муддатли ва узоқ муддатли йўлларини назарда тутади.

Ҳужжатда ёши, жинси, ногиронлиги, ирқи, миллати, келиб чиқиши, дини ва иқтисодий ва бошқа ҳолатидан қатъи назар, барча шахсларнинг сиёсий жараёнларда иштирокини таъминлаш назарда тутилади.

Шунингдек, декларацияга мувофиқ парламентлар глобал пандемиянинг иқтисодий натижаларини ҳисобга олган ҳолда асосий устувор йўналишлар ва индикаторларга эга Барқарор ривожланиш мақсадларини амалга оширишга доир дастурларни (режаларни, “йўл хариталари”ни) ишлаб чиқиш, кўриб чиқиш ва тасдиқлашга жалб этилади.

Барқарор ривожланиш мақсадларини амалга оширишда парламентлар гендер тенгликка эътибор қаратган ҳолда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишни тарғиб қилиш чораларини кўриши, ривожланаётган мамлакатларни ташқи самарали ва ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш учун парламентлараро ҳамкорлик йўлларидан фаол фойдаланиши, 2030 йилги кун тартибига эришишда барқарор ривожланиш муаммоларини енгиб ўтиш, самарали стратегик ва мувофиқлаштирилган чора-тадбирларни ишлаб чиқиш учун энг яхши амалиёт ва тавсиялар алмашиши кераклиги белгилаб берилди.

Шунингдек, барқарор ривожланиш соҳасидаги қонунчилик сиёсатини муҳокама қилиш ва тарғиб қилишда муҳим роль ўйнайдиган парламент фракциялари ва сиёсий партиялар гуруҳларининг салоҳиятини ошириш, шунингдек, умумий ғояларни тарғиб қилиш учун парламент аъзоларининг минтақавий ва глобал тармоқлари билан мулоқотни кенгайтириш кўзда тутилган.

Барқарор ривожланиш мақсадларини амалга ошириш жараёнига фуқаролик жамияти, хусусан сиёсий партиялар, нодавлат ташкилотлар, хайрия ташкилотлари, хусусий сектор, илмий муассасалар ва бошқа барча даражадаги манфаатдор томонлар ҳам фаол жалб этилади.

Бухоро декларацияси Барқарор ривожланиш мақсадларини амалга ошириш бўйича бошқа йўналишларини ҳам қамраб олади.

Манба: senat.uz

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech