Ногиронлиги бўлган шахслар – давлат ва жамият ҳимоясида

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳисоб-китобларига кўра, дунё аҳолисининг 15 фоизини ногиронлиги бўлган шахслар ташкил қилади. Бугунги кунда уларнинг сони 1 миллиардга етган. Юртимизда эса ногиронлиги бўлган шахслар сони 800 мингга яқин.

Сўнгги йилларда мамлакатимизда ногиронлиги бўлган шахсларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашнинг барқарор тизими яратилди. Бу ҳақда сўз борганда, аввламбор, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг 2020 йилги Давлат дастурига мувофиқ, янги таҳрирдаги “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги қонун имзоланганини таъкидлаш лозим.

Мазкур қонун билан ногиронлиги бўлган шахсларнинг қонуний ҳуқуқ, манфаатларини ҳимоя қилиш, уларининг тўлақонли ҳаёт кечиришларини таъминлаш учун мутлақо янги тизим яратилди. Қонун давлатнинг ногиронлиги бўлган шахсларга нисбатан муносабати, масъулияти янги даражага кўтарилаётганини яққол намоён этди.

Шунингдек, кейинги йилларда миллий қонунчиликка ушбу масалани ҳуқуқий томондан тўлиқ қамраб олган муҳим ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

Хусусан, ногиронлиги бўлган шахсларнинг таълим олиши, илм эгаллаши, касб танлаши, ҳунар ўрганиши борасидаги ҳуқуқларини амалга ошириш борасида Меҳнат кодексига, “Таълим тўғрисида”ги қонунга янги нормалар киритилди. Шаҳарсозлик кодексида ногиронлиги бўлган шахсларнинг эркин ҳаракатланиши учун, ижтимоий объектларга эмин-эркин кириб чиқиши учун шароит яратиш масалалари кўзда тутилди.

Бундан ташқари, Ўзбекистонда инклюзив таълимни ривожлантириш, бу борада таълим хизматлари сифатини яхшилаш мақсадида “Алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болаларга таълим-тарбия бериш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор қабул қилинди. Ушбу ҳужжат билан 2020-2025 йилларда халқ таълими тизимида инклюзив таълимни ривожлантириш концепцияси ҳамда ушбу даврда мазкур ҳужжат ижросини таъминлаш бўйича “Йўл харитаси” тасдиқланди.

Янада муҳими: Ўзбекистонда 2021 йил 7 июнь куни “Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияни (Нью-Йорк, 2006 йил 13 декабрь) ратификация қилиш ҳақида”ги қонун имзоланди. Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция БМТ Бош Ассамблеяси томонидан 2006 йил 13 декабрда қабул қилинган ва 2008 йил 3 майда кучга кирган.

БМТнинг 192 аъзо давлатидан, 2021 йил февраль ҳолатига кўра, 182 таси ушбу Конвенцияни ратификация қилган. Конвенцияда ногиронларнинг ҳуқуқлари ва асосий эркинликлари, хусусан, уларнинг яшаш, фуқаролик, ҳуқуқий ҳимояланиш, таълим олиш, саломатликларини сақлаш, бошқалар билан тенг равишда меҳнат қилиш, сиёсий, ижтимоий, маданий ҳаётда, бўш вақтни ўтказиш, дам олиш ва спорт билан шуғулланишда иштирок этиш, ўзлари ва оиласи учун етарлича турмуш шароитига эга бўлиш ва ижтимоий ёрдам ҳуқуқлари эътироф этилган.

Ўзбекистон ратификация қилган БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси ногиронлиги бўлган шахсларнинг тенглиги, ҳуқуқлари, айниқса, аёллар ва болаларнинг таълим олиши, саломатлигини сақлаши, меҳнат қилиши, ўзи ва оиласи учун етарлича турмуш шароитига эга бўлишининг ҳуқуқий кафолатларини белгиловчи халқаро-ҳуқуқий ҳужжатдир.

Хулоса ўрнида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси кўмагида Конституция ва бир қатор қонунлар, шунингдек халқаро шартномаларни Брайл алифбосида нашр этиш анъанаси йўлга қўйилгани ҳақида қисқача тўхталмоқчиман. Гап шундаки, Ўзбекистонда 45 мингдан ортиқ рўйхатга олинган кўзи ожиз ёки қисман ожиз фуқаро истиқомат қилади.

Шу маънода, махсус чоп этилган нашрлар имконияти чекланган шахсларга жамиятимизнинг бошқа фуқаролари қатори мамлакатимиз ҳаётининг барча соҳаларида тенг равишда иштирок этиш имконини бериб, уларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлашга ёрдам беради. Ушбу китоблар ногиронлиги бўлган шахсларнинг қадр-қимматини ҳурмат қилиш, уларни ногиронлик белгисига кўра камситишга йўл қўймаслик, ҳуқуқ ва эркинликларини амалга оширишдаги имкониятлар тенглиги, таълим олишга бўлган ҳуқуқларининг амалга оширилишига хизмат қилади.

Конституциямизнинг 18-моддасида мустаҳкамлаб қўйилганидек, “Ўзбекистон Республикасида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун олдида тенгдирлар”.

 

Муқаддас Қосимова,

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ходими

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech