Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси томонидан “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқий ҳимояси: миллий ва халқаро тажриба, истиқболдаги режалар” мавзусида конференция ташкил этилди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти ҳамкорлигида ўтказилган тадбирда депутатлар, соҳага дахлдор бўлган вазирлик ва идоралар, Ўзбекистон Ногиронлар жамияти ва бир қатор нодавлат нотижорат ташкилотлар вакиллари иштирок этди.
Тадбирни Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари Акмал Саидов кириш сўзи билан очиб берди.
Мазкур анжуман парламент қуйи палатаси томонидан Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни юқори савияда ўтказиш тўғрисида”ги қарорида белгилаб берилган вазифалар ижросини таъминлаш юзасидан ишлаб чиқилган тегишли чора-тадбирлар режаси асосида “Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик!” шиори остида ўтказилди.
Видеоконференция шаклида ўтказилган тадбирда бугунги кунда юртимизда 760 мингдан зиёд ногиронлиги бўлган шахслар истиқомат қилиши, мамлакатимизда мустақилликнинг илк йилларидан бошлаб аҳолининг эҳтиёжманд қатламига, жумладан ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлашга, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний мафаатларини ҳимоя қилишга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди. Бу борадаги ишлар Ҳаракатлар стратегияси доирасида янги босқичга кўтарилиб, юртимизда “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари” юритилган ҳолда, маҳаллабай, фуқаробай ишлаш тизими йўлга қўйилгани қайд этилди.
Анжуманда Ўзбекистон Республикаси томонидан ратификация қилинган БМТнинг “Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисида”ги Конвенциянинг асосий қоидалари, шунингдек, ногиронлиги бўлган шахсларнинг барча ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлашга қаратилган миллий қонунчилик ютуқлари, ҳозирги кунда мазкур йўналишда амалга оширилаётган ишлар ва мавжуд муаммолар таҳлил этилиб, истиқболдаги режалар муҳокама қилинди.
Конференция иштирокчиларининг айтишича, “Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисида”ги Конвенциянинг ратификация қилиниши, ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш миллий тизимини илғор халқаро стандартларга мувофиқлаштириш, шунингдек уларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш учун халқаро ва хорижий грант маблағларини жалб қилиш имкониятларини яратади.
Тадбирда сўз олганлар ногиронлиги бўлган шахслар мамлакатнинг сиёсий, ижтимоий, иқтисодий ҳамда маданий ҳаётида фаол иштирок этиши учун зарур ҳуқуқий, ташкилий шарт-шароитлар яратилаётганини, кейинги йилларда давлатимиз раҳбарининг шу масала бўйича муҳим қарор ва фармонлари қабул қилингани ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларни ҳаётга интилишини оширишда муҳим омил бўлаётганини эътироф этдилар.
Сўз – конференция иштирокчиларига:
Мавлуда ХЎЖАЕВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси раиси:
– Халқимиз азал-азалдан бошига мусибат келганда қўлни қўлга бериб, ҳамдард бўлиб келган. Йиқилганни суяш, кўмакка муҳтожларга ёрдам қўлини чўзиш азалий одатларимиздан. Мамлакатимизда ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш энг асосий масала бўлгани боис, юртимизда ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолини қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилиб, бу масала давлат сиёсати даражасига кўтарилди.
Ўзбекистонда ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқларини тартибга солиш, уларни ижтимоий ҳимоясини амалга оширувчи механизмларни белгиловчи қонун мустақиллик даврининг бошланишида 1991 йил 18 ноябрда қабул қилинган ва янги таҳрири 2008 йилда тасдиқланган “Ўзбекистон Республикасида ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонун бўлди ва бу ҳужжат 2021 йил 15 январга қадар соҳадаги муносабатларни тартибга солишга хизмат қилди.
Айниқса, Президентимизнинг ташаббуси асосида ишлаб чиқилган ва 2020 йил 15 октябрда қабул қилиниб жорий йил 15 январдан кучга кирган “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги Қонун илгари қабул қилинган қонунлардан принципиал тарзда фарқ қилган ҳолда, унда “Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисида”ги Конвенция қоидаларига мувофиқ ногиронлар ҳуқуқларини амалга ошириш кафолатлари, уларнинг камситилишининг олдини олиш ҳамда жамиятнинг тўлақонли аъзоси сифатида уларга тенг имкониятлар яратишга қаратилган нормалар ўрин олди.
Айтиш жоизки, ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқларини жамият ҳаётининг сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ва маданий соҳаларида ҳимоя қилиш асосида қандай вазият бўлишидан қатъий назар инсонни, шу жумладан, ногиронлиги борлиги туфайли камситмаслик принципи ётади. Бу борада нафақат давлат тузилмалари, балки фуқаролик жамияти институтлари ҳам фаоллик кўрсатаётгани диққатга сазовор.
Нодиржон ТИЛАВОЛДИЕВ,
Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси раиси ўринбосари:
– Конференцияда энг кўп муҳокама қилинган мавзулардан бири БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияни ратификация қилиш борасидаги узоқ босиб ўтган йўлимиз, ушбу ҳужжатнинг аҳамияти атрофида бўлди.
Маълумки, Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция БМТ Бош Ассамблеяси томонидан 2006 йил 13 декабрда қабул қилинган ва 2008 йил 3 майда кучга кирган. Ҳозирга қадар Ўзбекистон БМТнинг 192 аъзо-давлатлари ичидан ушбу Конвенцияни ратификация қилмаган 10 та давлатлар қаторидан ўрин олган эди.
Жорий йилнинг 7 июнь куни Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция ратификация қилиш ҳақидаги Ўзбекистон Республикаси қонунининг қабул қилиниши мамлакатимизда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича кенг кўламли демократик ислоҳотлар амалга оширилаётганининг ёрқин ифодасидир. Боиси, конвенция дунёдаги ногиронлиги бўлган шахслар ҳолатини атрофлича таҳлил қилиш асосида қабул қилиниб, мазкур халқаро-ҳуқуқий ҳужжат инсонларнинг турли-туманлиги ва қадр-қиммати принципларини ўзида мужассамлаштиргани билан аҳамиятлидир.
Қизғин бахс-мунозаралар ва савол-жавоблар тарзида ўтган анжуман якунида ташкилотчилар томонидан мазкур соҳадаги ишлар самарадорлигини оширишга оид тегишли тавсиялар ишлаб чиқилди. Конференцияда Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси томонидан тайёрланган махсус видеоролик иштирокчиларга тақдим этилди.
Манба: parliament.gov.uz
- Қўшилди: 05.08.2021
- Кўришлар: 4317
- Чоп этиш