Одам савдосига қарши курашда ижтимоий ҳимоя тизими кучайтирилмоқда

Пойтахтимизда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги томонидан “Халқаро мигрантлар куни”га бағишланган “Миграция ва барқарор ривожланиш: барча учун ҳуқуқлар, ҳимоя ва имкониятлар” мавзусидаги халқаро конференция ўтказилди.

Унда миграция жараёнлари жадаллашаётган шароитда одам савдосига қарши курашиш, жабрланган шахсларни ҳимоя қилиш ҳамда оғир ҳаётий вазиятга тушиб қолган оилаларга комплекс ижтимоий қўллаб-қувватлаш кўрсатиш масалалари алоҳида долзарб аҳамият касб этаётгани қайд этилди.

Маълумки, мазкур йўналиш  инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва «инсон — ислоҳотлар марказида» тамойилига асосланган давлат сиёсатининг устувор йўналиши ҳисобланади.

Ягона ва яхлит ижтимоий ҳимоя тизимини шакллантириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигини ташкил этиш ва аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонига мувофиқ Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ташкил этилди.  

Ижтимоий хизматлар сифатини ошириш мақсадида ижтимоий ходимлар ҳамда тизимда фаолият юритаётган мутахассисларнинг малакасини ошириш, уларни мунтазам ўқитиш, замонавий иш услублари ва халқаро стандартлар асосида қайта тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Ўзбекистонда одам савдосига қарши курашиш соҳасида барқарор ҳуқуқий база шакллантирилган. Асосий ҳужжат сифатида 2020 йил 17 августда қабул қилинган «Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида»ги қонуннинг янги таҳрири хизмат қилади. Қонунда одам савдосининг олдини олиш, қурбонларни аниқлаш, ҳимоя қилиш, реабилитация ва реинтеграция қилишнинг аниқ механизмлари мустаҳкамланган.

– Қонун ижросини таъминлаш мақсадида Президентнинг 2021 йил 30 июлдаги тегишли фармони билан Одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш бўйича Миллий комиссия ташкил этилди, – дейди Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миграция агентлиги директори ўринбосари Матлаб Куранов. – Комиссия ушбу соҳада ягона давлат сиёсатини амалга ошириш, идоралараро ҳамкорликни мувофиқлаштириш ва чора-тадбирлар самарадорлигини мониторинг қилиш бўйича асосий мувофиқлаштирувчи орган ҳисобланади.  

Шунингдек, одам савдоси қурбонларини аниқлаш ва уларни ихтисослашган ёрдам тузилмаларига йўналтиришни таъминловчи Қайта йўналтириш миллий механизми амал қилади. Реабилитация тизимининг асосий бўғини сифатида фаолият юритувчи Одам савдоси қурбонлари учун Республика реабилитация маркази белгиланган тартибда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги тасарруфига ўтказилди.

Бу қарор ижтимоий ёрдамнинг узлуксизлигини таъминлаш, реабилитацияни ижтимоий хизматлар тизимига интеграция қилиш ҳамда ягона кейс-менежмент стандартларини жорий этишга хизмат қилмоқда. Марказ жабрланган шахсларга вақтинчалик хавфсиз жойлаштириш, ижтимоий, психологик, ҳуқуқий ва тиббий ёрдам, ҳужжатларни тиклаш, касбий тайёргарлик, ишга жойлаштириш ва ижтимоий реинтеграция хизматларини кўрсатади.

Марказнинг Агентлик тизимига интеграция қилиниши «Инсон» ижтимоий хизматлар марказлари ва жойлардаги ижтимоий ходимлар фаолияти орқали шошилинч ёрдамдан барқарор тикланишгача бўлган яхлит ёрдам занжирини шакллантириш имконини берди.

Одам савдоси ва миграция жараёнлари ўзаро чамбарчас боғлиқ. Норасмий меҳнат миграцияси, ижтимоий-иқтисодий ночорлик, хавфсиз ишга жойлашиш каналлари ҳақида ишончли ахборотнинг етишмаслиги ҳамда ижтимоий ва ҳуқуқий хизматларга кириш имкониятларининг чекланганлиги эксплуатация хавфини оширади. Шу сабабли мазкур муаммо тизимли ва халқаро ёндашувни талаб этмоқда.

Агентлик тизими, «Инсон» ижтимоий хизматлар марказлари ва ижтимоий ходимлар фаолияти орқали ҳар йили ўн минглаб фуқаролар ижтимоий, психологик ва ҳуқуқий хизматлардан фойдаланмоқда.

Амалиёт кўрсатмоқдаки, профессионал ижтимоий ҳамроҳлик оилаларнинг аҳволини барқарорлаштириш, камбағаллик ва такрорий жабрланишнинг олдини олишда самарали механизм ҳисобланади.

Ҳозирги кунда одам савдоси қурбонлари учун ижтимоий хизматлар стандартларини такомиллаштириш, ижтимоий ходимларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш тизимини кучайтириш, халқаро ҳамкорлик ва тажриба алмашишни кенгайтиришга қаратилган янги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ишлаб чиқилмоқда.

Халқаро конференция доирасида Ижтимоий ҳимоя Миллий агентлиги ва Миграция бўйича Халқаро ташкилотнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ўртасида ўзаро англашув меморандуми имзоланди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Миграция бўйича Халқаро ташкилотнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ўртасида ҳамкорлик бўйича “Йўл харитаси” имзоланди.

18 декабрь — "Халқаро мигрантлар куни" муносабати билан имзоланган ҳамкорлик меморандуми мигрантлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, одам савдосига қарши курашиш, ижтимоий хизматлар тизимини ривожлантириш ҳамда институционал салоҳиятни халқаро тажриба асосида мустаҳкамлашга хизмат қилади. Эришилган келишувлар инсон қадр-қимматини ҳимоя қилиш, одам савдосининг олдини олиш ва оғир ҳаётий вазиятга тушиб қолган оилаларни қўллаб-қувватлашга қаратилган аниқ қўшма лойиҳа ва дастурлар орқали амалга оширилади.

Шаҳноза Маматуропова,  

Ойбек Пардаев (сурат),

ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech