Омбудсманга ўтган йили 14 минг 975 та мурожаат келиб тушган

Сўнгги йилларда Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан халқимиз фаровонлиги йўлида кенг кўламли ислоҳотлар олиб борилмоқда. Бу ислоҳотлар натижасида миллий давлатчилигимиз пойдевори мустаҳкамланиб, ҳар бир фуқаро ва оила фаровонлиги, қонун устуворлиги, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда манфаатлари таъминланишига эришилмоқда.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) 2020 йилдаги пандемия шароитига қарамасдан жамоатчилик фаоллари билан биргаликда карантин мажмуалари, тиббий муассасалар, Миллий превентив механизм доирасида жазони ижро этиш муассасаларида инсон ҳуқуқларининг таъминланиш ҳолатини ўрганиш мақсадида мунтазам мониторинг тадбирларини амалга оширди.

11 февраль куни Инсон ҳуқуқлари соҳасида Ўзбекистон Республикасининг халқаро мажбуриятларга риоя этилиши бўйича Парламент комиссияси ҳамда Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитасининг мажлисида шу ҳақда сўз борди. Унда Олий Мажлис Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) ҳисоботи ва Бола ҳуқуқлари бўйича вакилнинг 2020 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ахбороти эшитилди.

Тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси фракциялари аъзолари, Вазирлар Маҳкамаси, Бош прокуратура, Ички ишлар вазирлиги, Адлия вазирлиги, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Мактабгача таълим вазирлигининг масъуллари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ходимлари ва ОАВ вакиллари иштирок этди.

Йиғилишда таъкидланганидек, ҳисобот даврида Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил (Омбудсман) томонидан 72 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат ва қонун лойиҳалари ҳуқуқий экспертизадан ўтказилган. Ўзбекистон Республикасининг 20 та қонуни лойиҳаси ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари юзасидан таклифлар берилган.

Шунингдек, Омбудсман томонидан жойлардаги жазони ижро этиш муасасалари ва тергов ҳибсхоналарида олиб борилган мониторинг ҳамда мурожаатлар таҳлили натижасида жазони ижро этиш муассасалари ҳамда тергов ҳибсхоналарида бола туғилганда бериладиган бир марталик нафақа пули берилиши тизимини ишлаб чиқиш ҳамда амалдаги меъёрий ҳужжатларга ўзгартириш киритиш бўйича тегишли вазирликларга таклиф киритилган.

2020 йилда Омбудсман номига Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, хорижий давлатлар фуқаролари ва омбудсманлари, фуқаролиги бўлмаган шахслар, жамоат ташкилотлари ва бошқа юридик шахслардан жами 14 минг 975 та мурожаат келиб тушган. Шундан 3 минг 798 таси - иқтисодий ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, 5 минг 586 таси - ижтимоий ҳуқуқлари ҳамда эркинликларини таъминлаш, 1 минг 46 таси эса меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш билан боғлиқ.

Мурожаатларнинг 1 минг 563 таси қамоқда сақлаш жойларидаги шахслар ва уларнинг қариндошлари томонидан йўлланган.

2020 йилдаги пандемия шароитида фуқароларнинг малакали тиббий хизматдан фойдаланиш ҳуқуқи билан боғлиқ 475 та мурожаат келиб тушган.

Мурожаатларнинг 45,3 фоиз хотин-қизлар томонидан юборилган. Ушбу ариза ва шикоятлар юртимиз аёлларининг шахсий, сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ҳуқуқлари билан боғлиқдир.

Мурожаатларни кўриб чиқиш натижаларига кўра, 54 нафар аёлга вояга етмаган фарзандларининг таъминоти учун жами 176 миллион 463 минг 797 сўм миқдорида алимент пуллари ундириб берилган. Жиноят иши қўзғатишни рад этиш тўғрисидаги 18 та қарор бекор қилинган ҳамда 5 та ҳолатда хотин-қизларга нисбатан оилада тазйиқ ва зўравонлик ҳолатлари содир этилганлиги юзасидан жиноий иш қўзғатилган.

Омбудсман ҳузурида миллий превентив механизм доирасида фаолият кўрсатувчи жамоатчилик вакилларидан иборат бўлган Эксперт гуруҳи томонидан 2020 йил давомида қамоқда сақлаш жойларида жами 76 та мониторинг ташрифлари амалга оширилган. Бу жараёнда бир қатор камчиликлар ҳамда ўз ечимини кутаётган муаммолар аниқланган ва бартараф этиш юзасидан Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ва Бош прокуратурага маълумотлар киритилган.

Шу билан бир қаторда, қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларининг олдини олиш мақсадида, 50 га яқин материал Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги билан ҳамкорликда оммавий ахборот воситалари ҳамда Интернет ресурсларида ёритилган.

Йиғилишда таъкидланганидек, мамлакатимизда болалар меҳнати тўлиқ бартараф этилди. Шунингдек, Бола ҳуқуқлари бўйича вакил фаолияти йўлга қўйилди.

Бола ҳуқуқлари бўйича вакил ўзининг фаолиятига оид бола ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш, бола ҳуқуқларининг кафолатларини таъминлаш ва ушбу соҳадаги халқаро мажбуриятларни бажаришнинг таъсирчан тизимини яратишга алоҳида эътибор қаратмоқда. Шу мақсадда «Бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора тадбирлар тўғрисида»ги қарорининг лойиҳаси ишлаб чиқилди ва Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан қабул қилинди.

Ўтган йил мобайнида Бола ҳуқуқлари бўйича вакил номига бола ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилиши тўғрисида Ўзбекистон Республикаси жисмоний ва юридик шахслари, болалар ҳамда уларнинг қонуний вакиллари томонидан жами 85 та мурожаат қабул қилинган. Мурожаатларнинг 28 таси идора ва ташкилотлар томонидан қаноатлантирилган.

Афсуски, Меҳрибонлик уйлари битирувчиларини тураржой билан таъминлаш тўғрисидаги 12 та мурожаат маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан жавобсиз қолдирилган. Яъни, Тошкент шаҳрида - 5 та, Тошкент ва Самарқанд вилоятларида - 3 тадан ҳамда Бош прокуратурада 1 та шундай мурожаатларга эътибор қаратилмаган.

Шунингдек, вакил томонидан бола ҳуқуқларини таъминлаш, вояга етмаганларга оид қонун хужжатлари ижросининг назоратини ўтказиш ва тегишли органлар билан ҳамкорликда аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан давлат бошқарув органлари ва ҳуқуқни муҳофаза этувчи органларга 47 та сўров жўнатилган.

Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисидаги қонун ҳужжатлари нормалари ва талабларининг ижросини ўрганиш мақсадида болалар ҳақида ғамхўрлик қилиш ва уларни ҳимоя қилиш учун масъул бўлган муассасалар, хизматлар, органларга, шу жумладан таълим, тиббиёт муассасалари, қамоқда сақлаш жойлари ва жазони ижро этиш муассасаларида 53 маротаба мониторинг тадбирлари ўтказилган.

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech