Ўзбекистон – АҚШ: инклюзив ҳамкорлик ва парламентлараро мулоқотда амалий қадамлар

Куни кеча Вашингтон шаҳрида C5+1 форматидаги учрашув — АҚШ ва Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги инклюзив ҳамкорлик саммити бўлиб ўтди. C5+1 форматидаги ҳамкорлик кўплаб соҳа ва йўналишларда ўзаро келишувларга, умумий тараққиётга замин бўлади. Ушбу форматдаги алоқаларда Ўзбекистон фаоллик кўрсатаётгани эътиборга молик.

— Бугунги кунда жаҳон сиёсати янги воқеликлар ва янги манфаатлар майдонига айланмоқда, — дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Гулчеҳра Тожибоева. —  Геосиёсий жараёнлар тобора мураккаблашиб, хавфсизлик, иқтисод ва экология соҳаларида глобал ҳамкорликнинг аҳамияти ортмоқда. Шу нуқтаи назардан Марказий Осиё минтақасининг ўрни ва роли алоҳида аҳамиятга эга.

Вашингтон шаҳрида бўлиб ўтган C5+1 форматидаги учрашув — АҚШ ва Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги инклюзив ҳамкорлик саммити — минтақа давлатлари учун янги сиёсий, иқтисодий ва гуманитар имкониятларни очиб бермоқда. Бунда “инклюзив ҳамкорлик” тушунчаси шунчаки дипломатик ибора эмас, балки барча иштирокчи давлатлар манфаатларини инобатга олган, тенг ҳуқуқли мулоқот орқали умумий тараққиётга интилишни назарда тутган янгича сиёсий маданият сифатида намоён бўлмоқда.

Инклюзив ҳамкорликнинг муҳим йўналиши — иқтисодий ривожланиш. Ўзбекистон бугун минтақада етакчи ўринни эгаллаб, янги саноат салоҳиятини ривожлантирмоқда. Америкалик ва халқаро инвесторлар билан қўшма лойиҳалар нафақат иқтисодий фойда, балки технология, инновация ва илм соҳасида ҳамкорликни таъминлайди.

5  ноябрь куни Вашингтонда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев АҚШ Сенатидаги Марказий Осиё бўйича кокус ҳамраиси, сенатор Стив Дэйнс билан учрашди. Бу учрашув нафақат икки давлат алоқаларини мустаҳкамлашга қаратилган, балки инклюзив ҳамкорлик ва парламентлараро мулоқот орқали амалий натижаларга эришишга хизмат қилади.

“C5+1” формати АҚШ ва Марказий Осиёнинг беш давлати — Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон ўртасидаги ҳамкорлик майдонидир. Формат нафақат сиёсий мулоқот, балки транспорт, энергетика, рақамли иқтисодиёт, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва экологик лойиҳаларда ҳам кенг имкониятлар яратади. Ўзбекистон бу жараёнда фаол иштирок этмоқда ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш орқали минтақавий барқарорликни таъминлашга қадам қўймоқда.

Учрашувда парламентлараро ҳамкорлик аҳамияти алоҳида таъкидланди. Қонун чиқариш, инвестиция ва тадбиркорлик соҳаларидаги ҳамкорлик парламентлар орқали ривожлантирилиши мумкин. Ҳудудлараро механизмлар маҳаллий ҳокимиятлар ва ишбилармонлар иштирокидаги лойиҳаларни самарали амалга ошириш имконини беради. Бу ҳам минтақавий ишонч муҳитини мустаҳкамлайди ва иқтисодий, экологик лойиҳаларнинг амалга оширилишини тезлаштиради.

Учрашув натижасида Ўзбекистон – АҚШ алоқаларида қатор муҳим келишув ва йўналишлар белгиланди: инвестицияларни жалб қилиш, савдо алоқаларини кенгайтириш, Монтана штати билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва ишбилармонлар делегациясининг Ўзбекистонга ташрифи режалари шулар жумласидан.

Ўзбекистон минтақада етакчи иқтисодий ва инновацион давлат сифатида янги саноат, “яшил энергия” лойиҳалари ва кичик бизнесни қўллаб-қувватлашда фаоллик кўрсатмоқда. Шунингдек, сув ресурслари ва экологик муаммолар — Оролбўйи минтақасини тиклаш, “яшил ҳудудлар”ни яратиш ва қайта тикланувчи энергия манбаларини кенгайтириш — C5+1 форматидаги қўшма дастурлар орқали ҳал этилаётган муҳим масалалардан биридир.

Ўзбекистон C5+1 формати ва инклюзив ҳамкорлик доирасида нафақат иштирокчи, балки ташаббускор давлат сифатида фаол позицияни сақлаб қолмоқда. Учрашувлар натижасида амалий келишувлар, қўшма лойиҳалар ва парламентлараро мулоқот механизмлари белгиланди. Бу жараёнлар миллий ва минтақавий барқарорликни таъминлаш, иқтисодий ўсиш ва экологик муаммоларни ҳал этишда муҳим аҳамиятга эга.

Муҳтарама Комилова ёзиб олди, ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech