"Народное слово" газетасининг 2021 йил 2 март сонида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази масъул ходими Ойбек Аҳмадовнинг шу мавзудаги мақоласи чоп этилди. Мақола мамлакатимиз БМТга аъзо бўлганининг 29 йиллигига бағишланган.
Муаллиф Ўзбекистон Республикаси ва БМТ ўртасида 1992 йил 2 мартда асос солинган ҳамкорликнинг асосий босқичлари ва истиқболли йўналишлари ҳақида сўз юритган. Шунингдек, БМТ доирасида эълон қилинаётган Ўзбекистон ташаббуслари ва уларнинг амалга оширилиши, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашида Ўзбекистон Республикаси аъзолигининг асосий вазифалари хусусида тўхталган.
Янги Ўзбекистоннинг ташаббуслари БМТ даражасида қўллаб-қувватланмоқда. Кейинги йилларда мамлакатимизга БМТ Бош котиби, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари, БМТнинг Диний эътиқод бўйича махсус маърузачиси ҳамда Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг судьялар ва адвокатлар мустақиллиги масалалари бўйича махсус маърузачисининг амалга оширган ташрифлари катта аҳамиятга эга бўлди.
Ҳозирги вақтда Ўзбекистон Республикаси инсон ҳуқуқлари бўйича 80 дан ортиқ халқаро ҳужжатларга, жумладан Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг 6 та асосий шартномаcи ва 4 та факультатив протоколига қўшилган. Ушбу халқаро ҳужжатларнинг амалга оширилиши юзасидан БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши ва шартномавий қўмиталарига мунтазам равишда миллий маърузалар тақдим этиб келинмоқда.
Мамлакатда мазкур халқаро ҳужжатларда мустаҳкамланган инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига доир нормаларни миллий қонунчиликка имплементация қилиш, инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтларни ривожлантириш борасида бир қатор ижобий ишлар амалга оширилди. Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишда фуқаролик жамияти институтларининг ролини оширишга жиддий эътибор қаратилмоқда.
Мақолада Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегиясининг моҳияти ва аҳамияти тўғрисида ҳам фикр юритилгани бежиз эмас. Бинобарин, мазкур Миллий стратегия халқаро ташкилотлар, жумладан, БМТнинг устав органлари ва шартномавий қўмиталарининг тавсияларини инобатга олган ҳолда, шунингдек инсон ҳуқуқларини таъминлаш ва ҳимоя қилиш бўйича долзарб масалаларни ҳар томонлама ўрганиш, амалдаги қонунчилик, ҳуқуқни қўллаш амалиёти ва илғор хорижий тажрибани таҳлил қилиш ҳамда кенг жамоатчилик муҳокамаси, халқаро ва миллий маслаҳатлашувлар натижасида ишлаб чиқилган.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 02.03.2021
- Кўришлар: 4299
- Чоп этиш