ЎЗБЕКИСТОН ДУНЁДА ИНСОН ҲУҚУҚЛАРИНИ ҲИМОЯ ҚИЛИШГА ЭЪТИБОР ҚАРАТМОҚДА

Ҳинд халқининг улуғ фарзанди Маҳатма Гандининг "Агар дунёни ўзгартирмоқчи бўлсангиз, ўзингизни ўзгартиринг" деган сўзлари бежиз эмас. Инсон ҳуқуқлари соҳасида энг кўп танқид қилинган давлатлардан – қисқа муддатда бошқаларга ўрнак бўладиган давлат даражасига эришган Ўзбекистон бунга яққол мисол бўла бўлади.

Бу борада Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг хизматлари беқиёслиги дунё ҳамжамияти томонидан ҳам юксак эътироф этилмоқда. Шу маънода, инсон ҳуқуқларини тарғиб қилиш ва ҳимоя қилишга содиқлигимиз белгиси сифатида мамлакатимиз БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига ўз номзодини қўйди.

2020 йил 13 октябрда Нюь-Йорк шаҳрида бўлиб ўтган сайловларда БМТ Бош Ассамблеяси делегатлари уч йиллик муддатга БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 15 нафар янги аъзосини сайлашди. Кенгашнинг ана шу янги аъзолари 2021 йил 1 январдан ўз фаолиятини амалга ошира бошлади.

Миллий давлатчилигимиз тарихида биринчи марта Ўзбекистон ушбу нуфузли Кенгаш аъзолигига сайланди. БМТга аъзо 193 давлатдан 169 таси мамлакатимиз учун овоз берди.

Дунё бўйлаб бу соҳадаги вазиятни кузатиб борувчи БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши давлат раҳбарларига ўз тавсияларини беради. Ушбу халқаро органнинг аъзоси бўлган ҳар бир мамлакат бу йўналишда биринчи навбатда ўзи намуна бўлиши керак.

Халқаро ҳамжамият томонидан тан олинган ва БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига қўшилган Ўзбекистон зарур мажбуриятларнинг масъулиятли бажарилишига жиддий ёндашмоқда.

Давлатимиз раҳбари 2017 йил сентябрь ойида БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессияси доирасида муҳим халқаро ташаббусларни эълон қилганди. Жумладан, Осиё китъасида юзага келаётган инсон ҳуқуқлари бўйича муаммоларни муҳокама қилиш ҳамда ечимини топиш учун қулай майдон бўлиб хизмат қиладиган “Инсон ҳуқуқлари бўйича доимий Самарқанд форуми”ни ташкил этиш ва дунё ёшларининг ҳуқуқларини мустаҳкам қалқон бўлиб ҳимоя қиладиган БМТнинг Ёшлар ҳуқуқлари бўйича халқаро конвенциясини ишлаб чиқиш ва қабул қилишни илгари сурганди.

2018 йил 22-23 ноябрь кунлари Самарқанд шаҳрида "Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 70 йиллиги бағишланган Осиё форуми бўлиб ўтди. Унда 30 дан ортиқ мамлакатдан 20 га яқин халқаро ташкилот вакиллари ва экспертлар иштирок этди. Форум якунида қабул қилинган Инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги Самарқанд Декларацияси БМТ Бош Ассамблеяси томонидан 2019 йил 6 февралдаги 73-сессиянинг расмий ҳужжати сифатида тасдиқланди.

2020 йил 12-13 август кунлари "Ёшлар 2020: Глобал ҳамжиҳатлик, барқарор ривожланиш ва инсон ҳуқуқлари" мавзуидаги навбатдаги Самарқанд веб-форуми бўлиб ўтди. Шу номдаги Самарқанд резолюцияси ҳам БМТ расмий ҳужжати сифатида қабул қилинди.

Ўзбекистон раҳбарияти ташаббуси билан БМТ Бош Ассамблеяси доирасида учта резолюция ишлаб чиқилди ва қабул қилинди. Жумладан, 2018 йил 12 декабрда БМТ Бош Ассамблеяси томонидан "Таълим ва диний бағрикенглик" махсус резолюцияси қабул қилинди.

Лойиҳаси Ўзбекистон томонидан ишлаб чиқилган ва жуда қисқа вақт ичида қабул қилинган ҳужжат БМТга аъзо барча давлатлар томонидан бир овоздан қўллаб-қувватланди. Ҳужжатга Шимолий Америка ва Лотин Америкаси минтақалари, Осиё, Африка қитъаларининг 50 дан ортиқ давлати муаллифлик қилган бўлиб, бу Ўзбекистон раҳбари ташаббусининг долзарблиги халқаро ҳамжамият томонидан юксак эътироф этилганидан далолат беради.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессиясидаги иштироки доирасида Ўзбекистон ва БМТ ўртасидаги ҳамкорликни янада жадаллаштириш бўйича қатор ташаббуслар, жумладан, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги қуйидаги таклифлар илгари сурилди:

- БМТ ҳомийлигида Пандемия даврида давлатларнинг ихтиёрий мажбуриятлари бўйича халқаро кодексни ишлаб чиқиш;

- БМТ Бош Aссамблеясининг Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда ва инсон ҳуқуқларини таъминлашда парламентларнинг ролини ошириш тўғрисида махсус резолюциясини қабул қилиш.

2021 йил 22 февралда Ўзбекистон Республикаси тарихида биринчи марта Президентимиз БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 46-сессиясида иштирок этиб, биринчи бўлиб сўзга чиқди.

Давлатимиз раҳбари ўз нутқида мамлакатимизда демократик ўзгаришларни чуқурлаштиришнинг устувор йўналишлари, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши доирасида Ўзбекистоннинг асосий иш йўналишлари ҳақида батафсил сўз юритди. Юртбошимиз томонидан Ўзбекистон ва БМТ ўртасида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида ҳамкорликни чуқурлаштиришнинг қуйидаги янги йўналишлари белгилаб берилди:

- саломатлик ҳуқуқини таъминлаш;

- гендер тенглиги;

- ногиронларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш;

- ёшлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш;

- инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълимни ривожлантириш;

- судлар мустақиллигини мустаҳкамлаш;

- қийноқларга қарши кураш;

- инсон ҳуқуқлари соҳасида минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш.

Давлатимиз раҳбари ҳар бир инсоннинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш, мавжуд муаммолар ва уларни ҳал етиш йўлларининг барча механизмларини амалда қамраб олган глобал, минтақавий ва миллий миқёсдаги бир қатор муҳим ташаббусларни илгари сурди.

Шундай қилиб, давлатимизнинг БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига сайланиши, шубҳасиз, жаҳон ҳамжамиятининг мамлакатимизда амалга оширилаётган шиддатли ислоҳотларга мустаҳкам ишончи ҳамда Президентимизнинг оқилона сиёсатининг юксак эътирофи белгисидир.

 

Фарида Ҳақбердиева,
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси
Миллий маркази Жисмоний ва юридик шахслар
мурожаатлари билан ишлаш бўлими бош мутахассиси

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech