Ўзбекистон-ИҲТ: Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ҳамкорлик истиқболлари

Яқинда мамлакатимизнинг Саудия Арабистонидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси У.Мақсудов билан бўлиб ўтган учрашувда Ислом ҳамкорлик ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссияси (IPHRC) ижрочи директори Марғуб Батт Ўзбекистонни БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига аъзо этиб сайлангани билан муборакбод этди. Шунингдек, Марғуб Батт жаноблари ушбу Кенгашнинг жорий йил 22-24 февраль кунлари ўтказилган баҳорги сессиясида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган ташаббусларни юқори баҳолади.

Ислом ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ) дунёдаги нуфузли халқаро ташкилотлардан бири ва энг йирик халқаро ислом ташкилотидир. ИҲТ 1969 йил 25 сентябрда Марокаш пойтахти Роботда ўтказилган ислом давлатлари раҳбарларининг биринчи йиғилишида ташкил этилган.

ИҲТ қароргоҳи Саудия Арабистонининг Жидда шаҳрида жойлашган. Дастлаб Ислом конференцияси ташкилоти (ИКТ) деб юритилган ушбу халқаро ташкилот ҳозирги номини 2011 йилда олган. ИҲТда инглиз, араб ва француз тиллари расмий иш тили ҳисобланади.

ИҲТнинг асосий мақсад ва вазифалари: аъзо давлатлар ўртасида дўстлик ва бирдамлик ришталарини уйғунлаштириш; ислом оламида юзага келган муаммоларни ҳал этиш; давлатлар ички қонунларига ҳурмат билан ёндашиш; инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш; аъзо давлатларнинг иқтисодий жиҳатдан ривожланишига кўмаклашиш; ислом дини ҳақида айрим ноҳақ ва ножўя маълумотларни бартараф қилиш; турли соҳаларда мамлакатлардаги институтлар билан илмий изланишларни ташкил қилишдан иборат.

Бугунги кунда қарийб 2 миллиард нафар аҳолига эга 57 давлат ИҲТга аъзодир. Бу кенг миқёсдаги ҳамкорлик муқаддас ислом қадриятларини асраб-авайлаш ва ривожлантириш, мусулмон халқлари ўртасида ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, барқарор тараққиётни таъминлаш, ташкилотга аъзо мамлакатлар халқларининг ривожланиши ва фаровонлигига кўмаклашишдек эзгу мақсадларга эришиш йўлида муҳим ўрин тутиб келмоқда.

ИҲТда БМТ, Россия, Босния ва Герцеговина, Марказий Африка Республикаси кузатувчи мақомига эга. Ўзбекистон 1995 йил октябрь ойида мазкур ташкилотга кузатувчи, 1996 йил 2 октябрдан бошлаб тўлақонли аъзо сифатида қабул қилинган.

Ўзбекистон 2015 йил 14 декабрда ИҲТнинг янги Низомига қўшилганини таъкидлаш лозим. ИҲТ Низоми 2016 йил апрелида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси томонидан ратификация қилинган.

Ўзбекистон томони ИҲТни муқаддас динимизни тинчлик ва тараққиёт омили сифатида эътироф этадиган ислом дунёси мамлакатларининг нуфузли ва самарадор форуми сифатида эътироф этади. Шу боис мазкур Ташкилотнинг мустаҳкамланиши ва ўзаро муносабатларимиз изчил равнақ топишидан манфаатдормиз.

ИҲТ саммитлари ва ИҲТ Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг йиллик сессияларида мамлакатимиз расмий делегациялари мунтазам қатнашиб келмоқда. Айниқса, кейинги йилларда Ўзбекистоннинг ИҲТ билан ҳамкорлиги фаоллашди ва ўзаро муносабатларнинг янги босқичига кўтарилди.

Бунда 2016 йил 18-19 октябрь кунлари Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган ИҲТ Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг 43-сессияси алоҳида аҳамият касб этди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ушбу сессиянинг очилиш маросимидаги нутқида Ўзбекистон ИҲТ Ташқи ишлар вазирлари кенгашига раислик қиладиган даврдаги (2016 йил октябрь ойидан – 2017 йил июль ойигача) устувор вазифаларга эътибор қаратди.

Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, «Таълим ва маърифат – тинчлик ва бунёдкорлик сари йўл» мавзуси 43-сессия кун тартибининг асосий ғояси этиб белгилангани чуқур рамзий маънога эга. Бу ғоя «Бешикдан қабргача илм изла» деган машҳур ҳадисга ҳамоҳанг. Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон томони илгари сурган ташаббуслар бевосита илм-фан ва маърифат ривожи билан узвий боғлиқдир.

Ўзбекистон Президенти, шунингдек 2017 йил 10 сентябрда Астана шаҳрида (Қозоғистон) бўлиб ўтган ИҲТнинг Фан ва технологиялар бўйича биринчи саммитида сўзлаган нутқида ҳам илм-фан, маънавият ва маърифатни ривожлантиришга доир амалий таклифларни кун тартибига қўйди. Айни пайтда мамлакатимиз раҳбари ИҲТ юксак минбарларидан туриб эълон қилган эзгу ташаббуслар ҳаётга кенг татбиқ этилмоқда.

Маълумки, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов 2018-2019 йилларда Ислом Ҳамкорлик Ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссиясининг Осиё қитъасидан сайланган аъзоси ва ушбу Комиссиянинг раиси лавозимида фаолият олиб борган.

2019 йил 7-8 октябрь кунлари пойтахтимизда ИҲТ Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссиясининг “Тинчликсевар, демократик жамиятлар барпо этиш ва барқарор ривожланиш йўлида ёшлар ҳуқуқларини рағбатлантириш ва ҳимоя қилишнинг аҳамияти” мавзусидаги йиллик 6-семинари бўлиб ўтди. Халқаро анжуман иштирокчилари Ўзбекистон Республикаси Президентининг БМТ Бош Ассамблеяси 72-сессиясида илгари сурган БМТнинг Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенциясини қабул қилиш тўғрисидаги ташаббусини қўллаб-қувватладилар.

ИҲТ Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссияси ўзининг йирик халқаро анжуманига айнан ёшлар ҳуқуқлари масаласини танлагани бежиз эмас. Негаки, бугунги кунда ёшлар аксарият мамлакатларда, айниқса, ИҲТга аъзо давлатларда аҳолининг катта қисмини ташкил этади. Бизнинг ушбу аҳоли қатламига нисбатан бефарқ ёндашувимиз жамиятларимиздаги барқарорлик ва тинчлик-осойишталикни таҳдид остига қўйиши муқаррар.

Тошкент анжумани иштирокчилари якунловчи ҳужжат – Ислом ҳамкорлик ташкилоти аъзо мамлакатларида ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги Тошкент Декларациясини қабул қилдилар. Декларацияда халқаро даражада ва ИҲТга аъзо мамлакатлар томонидан ёшлар ҳуқуқларини тўла таъминлаш йўлида келгусида амалга ошириладиган муҳим ташаббуслар баён этилган.

Шу ўринда жаноб М.Батт Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори номига миннатдорлик мактубини тақдим этгани диққатни тортади. Мактубда, жумладан, А.Саидов ИҲТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссиясига раислик қилган даврда мазкур ташкилот янги марраларга эришгани ва халқаро майдонда муносиб ўрин эгаллагани эътироф этилган.

Мухтасар айтганда, бугунги кунда Ўзбекистон билан ИҲТ ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари изчил ривожланмоқда. Бунда, жумладан, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази билан ИҲТ Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссияси ўртасида йўлга қўйилган ўзаро яқин муносабатлар алоҳида ўрин тутади.

Ғулом Мирзо

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech