Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Жаҳон таълим дастурининг тўртинчи босқичини амалга оширишга киришди

21 июнь куни Вазирлар Маҳкамасининг кичик мажлислар залида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 7 июндаги  “Ўзбекистон Республикасида Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Жаҳон таълим дастурининг тўртинчи босқичини амалга ошириш бўйича Миллий комиссиясини ташкил этиш тўғрисида”ги фармойишида белгиланган вазифаларни амалга оширишга бағишланган йиғилиш  бўлиб ўтди.

Йиғилишда Ўзбекистон Республикасида Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Жаҳон таълим дастурининг тўртинчи босқичини амалга ошириш бўйича Миллий комиссия аъзолари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари, олий таълим муассасалари ректорлари, Ўзбекистоннинг Нью-Йорк, Париж ва Женева шаҳарларида жойлашган БМТ, ЮНЕСКО ва бошқа халқаро ташкилотлар ҳузуридаги Доимий ваколатхоналари, нодавлат нотижорат ташкилотлари  раҳбарлари иштирок этди.

Ўзбекистон Республикасида инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Жаҳон таълим дастурининг тўртинчи босқичини амалга ошириш бўйича Миллий комиссия раҳбари – Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов таъкидлаганидек, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим барчанинг инсон ҳуқуқларига нисбатан ҳурматини рағбатлантириш ва унга ҳар томонлама риоя этилишини таъминлашда фундаментал аҳамият касб этади.

Маълумки, 2004 йил 10 декабрда БМТ Бош Ассамблеяси барча секторларда инсон ҳуқуқлари бўйича таълим дастурларини амалга оширишга кўмаклашиш мақсадида Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Жаҳон таълим дастурини эълон қилди.

Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Жаҳон таълим дастури инсон ҳуқуқлари бўйича таълим соҳасидаги миллий саъй-ҳаракатларни муайян соҳалар ва муаммоларга йўналтиришга қаратилган бўлиб, қуйидаги босқичлардан иборат:

  • биринчи босқичда – 2005-2009 йилларда бошланғич ва ўрта таълимда инсон ҳуқуқлари соҳасида таълимни жорий этишга;
  • иккинчи босқичда – 2010-2014 йилларда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълимни олий таълим тизими, педагог кадрларни малакасини ошириш дастурлари, давлат хизматчилари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари ва ҳарбий хизматчилар ўртасида жорий этишга;
  • учинчи босқичда – 2015-2019 йилларда инсон ҳуқуқлари соҳасида оммавий ахборот воситалари ходимларини тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилди;
  • Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Жаҳон таълим дастурининг тўртинчи босқичида – 2020-2024 йилларда эса инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим дастурининг давлатлар ва тегишли манфаатдор ташкилотлар аввалги уч босқични амалга ошириш учун саъй-ҳаракатларини фаоллаштиришга даъват этилмоқда.

Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Жаҳон таълим дастурини амалга оширишнинг янги босқичи доирасида:

биринчидан, инклюзив, тинч жамиятни яратишга имкон берадиган тенг ҳуқуқлилик, инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилиш ва камситмаслик руҳида ёшларни ўқитиш ва тарбиялаш;

иккинчидан, хотин-қизлар ва болаларга алоҳида эътибор қаратган ҳолда, 2030 йилгача Барқарор ривожланиш кун тартибидаги “ҳеч кимни ёддан чиқармаслик” мақсадига мувофиқ аҳолининг заиф қатламлари билан ўзаро алоқалар ўрнатиш;

учинчидан, педагог кадрлар, шу жумладан, болалар ва ёшлар билан ишловчи тарбиячилар учун инсон ҳуқуқлари бўйича таълимни ташкил этиш;

тўртинчидан, инсон ҳуқуқлари бўйича таълим соҳасида тегишли тадқиқотлар ўтказиш, баҳолаш, илғор тажриба ва олинган сабоқлар билан ўртоқлашиш кўзда тутилган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 7 июндаги Фармойишида Миллий комиссияга бир қатор вазифалар белгилаб берилган. Жумладан,  бир ой муддатда халқаро шартномалар нормалари ва стандартлари, БМТнинг ҳуқуқни ҳимоя қилувчи тузилмалари тавсиялари ҳамда Ўзбекистон жамиятининг тарихий, миллий ва маданий қадриятларини инобатга олган ҳолда, Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий таълим дастурини ишлаб чиқиш лозим.

Йиғилишда Миллий комиссия аъзолари ва маъсул вазирлик, идора ва ташкилотлар раҳбарлари Миллий таълим дастурини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш бўйича ўз таклиф-мулоҳазаларини билдирдилар.

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech