“Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг Россия Федерациясидаги ҳуқуқлари: меҳнат мигрантлари ва уларнинг оила аъзолари" мавзусидаги Ўзбекистон – Россия форуми

Жорий йилнинг 21 май куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман), Россия Федерациясининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили, Инсон уқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ҳамкорлигида “Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг Россия Федерациясидаги ҳуқуқлари: меҳнат мигрантлари ва уларнинг оила аъзолари" мавзусидаги Ўзбекистон – Россия форуми бўлиб ўтди.

Маълумки, бугунги кунда ташқи меҳнат миграциясини тартибга солиш, унинг салбий оқибатларини бартараф этиш ҳар бир мамлакат олдида турган долзарб масалалардан ҳисобланади. Миграция масалалари, айниқса, охирги ўн йилликда жаҳон ҳамжамиятини жиддий ташвишга солаётган минтақавий ва маҳаллий низолар, ишсизлик, қашшоқлик каби муаммолар замирида янада аҳамиятли бўлиб бормоқда. БМТ маълумотларига кўра, ҳозирги вақтда дунёда 250 миллиондан ортиқ шахс миграция жараёнларининг иштирокчиси ҳисобланади.

Мамлакатимизда мигрантлар ҳуқуқларини кафолатлаш юзасидан қатор ижобий ишлар амалга оширилди. Ташқи меҳнат миграциясини тартибга солиш мақсадида 10 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинди. Хусусан, 2020 йил сентябрь ойида Ўзбекистон Республикаси Президентининг ташқи меҳнат миграцияси соҳасидаги ваколатли органлар фаолиятини такомиллаштириш, чет элда ишлашни истаган шахсларни ўқитиш, чет элда бўлиш пайтида фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, иш билан таъминлаш, шунингдек қайтиб келган меҳнат муҳожирлари, уларнинг оила аъзоларини ижтимоий қўллаб-қувватлашга қаратилган қарори қабул қилинди.

Шунингдек, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегияси доирасида жамият, давлат ва инсон манфаатларига дахлдор миграция масалаларини ҳал этиш, соҳадаги муносабатларнинг барқарорлигини таъминлаш, мигрантлар ҳуқуқларига оид халқаро стандартларни миллий қонунчиликка имплементация қилишни назарда тутувчи “Меҳнат миграцияси тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Ўзбекистон ва Россия ўртасида ишчи кучи ҳаракатланиши жараёнини тартибга солиш бўйича бир қатор ҳукуматлараро битимлар амал қилади. Айниқса, юртимиз фуқароларини Россия ҳудудида вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун уюшган тарзда ишга ёллаш ва жалб қилиш ишлари устувор аҳамиятга эга.

Бунда асосий эътибор хорижий иш берувчиларнинг меҳнат шароитлари ва иш ҳақи, ижтимоий пакет ва бошқа муҳим мезонлар кўрсатилган олдиндан бериладиган буюртмалари асосида хорижда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун уюшган тарзда ёллаш ва жалб қилишга ҳар томонлама кўмаклашишга йўналтирилган. Шу мақсадда 2017 йилдан бошлаб икки давлатнинг меҳнат вазирлари бошчилигидаги Ўзбекистон – Россия ишчи гуруҳи фаолият юритмоқда.

Форумда сўзга чиққан Россия томони вакиллари Ўзбекистонда меҳнат миграцияси иштирокчиларининг ҳуқуқларини кафолатлаш бўйича Ўзбекистон Президенти бошчилигида амалга оширилган ислоҳотларни ижобий баҳоладилар. Пандемия даврида давлатлар ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик натижасида мамлакатимиз фуқароларини ташкиллаштирилган ҳолда Россияда ишга жалб қилиш, хусусан, мамлакат ҳудудига кириш ва ишлаш учун рухсат олиш, меҳнат мигрантларини ташкиллаштирилган ҳолда жўнатиш бўйича самарали ишлар амалга оширилгани алоҳида қайд этилди.

Ўзбекистон томони мутахассислари эса давлат бошқаруви соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ва халқаро ҳамкорликни ривожлантириш доирасида Ўзбекистонда миграция масалаларига муносабат тубдан ўзгарганлигига эътиборни қаратди. Шунингдек, мигрантлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида мамлакатда амалга оширилган ислоҳотлар ҳамда Ўзбекистон ва Россия Омбудсманларининг ўзаро ҳамкорлиги ҳақида фикр юритдилар.

Халқаро форум давомида меҳнат миграцияси соҳасини такомиллаштириш ва Ўзбекистон-Россия ҳамкорлигини янада ривожлантириш, миграцияни бошқариш ва мигрантларни ҳимоя қилиш соҳасидаги замонавий тенденциялар муҳокама қилинди ҳамда меҳнат мигрантлари ҳуқуқларини таъминлаш механизмини такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқилди. Ҳар икки томон миграция соҳасида яқин ҳамкорлик қилишга тайёр эканлигини билдирди.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
Матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech