2021 йил 1 декабрь куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг Терроризмга қарши курашда инсон ҳуқуқларини рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш масалалари бўйича махсус маърузачиси Фионнуала Ни Аолайн Ўзбекистон Республикаси Олий судига ташриф буюрди.
Бу ерда БМТ Махсус маърузачиси Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси Козимжон Комилов ва Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди раиси Мирзо-Улуғбек Абдусаломов билан учрашди.
Маълумки, терроризмга қарши кураш шароитида одил судловнинг кафолатланиши муҳим аҳамиятга эга. Одил судлов ҳуқуқи инсон ҳуқуқлари ва қонун устуворлиги таъминланишининг асосий кафолатларидан биридир.
Ўзбекистон БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича кўплаб шартномаларига қўшилган, жумладан, терроризм ва диний экстремизмга қарши курашиш бўйича 14 та халқаро конвенция ҳамда протоколни ратификация қилган.
Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактнинг 14-моддасида белгиланганидек, “Барча шахслар судлар ва трибуналлар олдида тенгдир. Ҳар бир киши унга қўйилаётган ҳар қандай жиноий айблов кўриб чиқилаётганда ёки бирор-бир фуқаролик жараёнида унинг ҳуқуқ ва бурчлари аниқланаётганида қонунга мувофиқ тузилган нуфузли, мустақил ва холис суд томонидан мазкур иш адолатли ҳамда очиқ ҳолда кўриб чиқилиши ҳуқуқига эга”.
Бундан ташқари, бу борада мамлакатимизда “Экстремизмга қарши курашиш тўғрисида”, “Терроризмга қарши кураш тўғрисида”, “Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисида”ги қонунлар ҳамда бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинган. Ўзбекистон суд тизими ана шу ҳуқуқий негиз ва Конституция талаблари асосида мустақил фаолият юритади.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 01.12.2021
- Кўришлар: 3372
- Чоп этиш