Ўзбекистонда аёллар, тинчлик ва хавфсизлик масалалари бўйича Миллий ҳаракатлар режаси ишлаб чиқилмоқда

8 июнь куни ўз ишини бошлаган икки кунлик онлайн семинарда Ўзбекистоннинг хотин-қизларни рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш борасидаги тажрибаси тақдим этилди. "Аёллар, тинчлик ва хавфсизлик" кун тартибини самарали амалга оширишга бағишланган анжуман ЕХҲТ Котибияти томонидан ташкил этилди.

Ушбу семинар Марказий Осиё, Шарқий Европа, Жануби-Шарқий Европа ва Жанубий Кавказ экспертлари учун ўтказилмоқда. Анжуманда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директорининг ўринбосари Дилноза Муратова иштирок этди ва мамлакатимизнинг хотин-қизларни рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш борасидаги тажрибаси ҳақида маълумот берди.

Д.Муратова таъкидлаганидек, хотин-қизларнинг сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий соҳаларда фаол иштирок этишларига кўмаклашиш муҳим аҳамиятга эга. Аёлларнинг барча даражаларда қарорлар қабул қилиш жараёнларида тўлиқ ва сезиларли иштирок этиши жамиятларнинг янада тинч ҳамда фаровон бўлишига хизмат қилади. Шунинг учун хотин-қизларнинг ҳуқуқлари ва имкониятларини кенгайтириш мақсадида Ўзбекистонда аёллар, тинчлик ва хавфсизлик масалалари бўйича  Миллий ҳаракатлар режаси ишлаб чиқилмоқда.

"Аёллар, тинчлик ва хавфсизлик" кун тартибини самарали амалга оширишнинг воситалари ва стратегиялари" мавзуидаги семинар доирасида айни мақсадга, жумладан Миллий ҳаракатлар режалари воситасида эришиш истиқболлари кенг муҳокама қилинмоқда.

Тадбирга БМТ Хавфсизлик кенгашининг 1325-Резолюциясини амалга ошириш бўйича Миллий ҳаракатлар режасини ёки гендер тенглик ва хотин-қизлар ҳуқуқлари масалалари бўйича бошқа миллий ҳаракатлар режаларини ишлаб чиқиш ҳамда татбиқ этишга масъул вазирлик ва идоралар вакиллари таклиф этилган. Иштирокчилар орасида фуқаролик жамияти вакиллари ва фаол хотин-қизлар ҳам бор.

Муҳокмалардан мақсад – "Аёллар, тинчлик ва хавфсизлик" кун тартибини илгарии суриш бўйича минтақавий ва субминтақавий устувор йўналишларни аниқлашдир. Шунингдек, ЕХҲТ доирасида экспертларнинг бу борадаги билим ва кўникмаларини мустаҳкамлаш кўзда тутилган.

Тадбирга "Аёллар, тинчлик ва хавфсизлик" бўйича Миллий ҳаракатлар режасини амалга ошириш юзасидан аввалги семинарларда иштирок этган Албания, Арманистон, Озарбайжон, Босния ва Герцеговина, Грузия, Козоғистон, Қирғиз Республикаси, Молдова, Монголия, Черногория, Шимолий Македония, Сербия, Туркманистон, Тожикистон, Украина ва Ўзбекистон вакиллари таклиф этилган.

Анжуманда самарадор Миллий ҳаракатлар режалари ишлаб чиқиш бўйича кўникмаларни оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Тадбир иштирокчилари хотин-қизлар ҳуқуқлари ва имкониятларини кенгайтириш, гендер тенгликни таъминлаш, шунингдек БМТ Хавфсизлик кенгашининг 1325-Резолюциясини гендер тенгликка доир бошқа ҳужжатлар, хусусан, Аёлларга нисбатан камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги конвенция ва БМТ Барқарор ривожланиш мақсадларига ҳамда мамлакатнинг гендер тенгликни таъминлаш бўйича стратегия ва режаларига  уйғунлаштириш борасида эришилган ютуқларни таҳлил этмоқда.  Мавжуд муаммолар ҳам атрофлича кўриб чиқилмоқда.

Энг муҳими, семинарда ЕХҲТга  аъзо давлатларнинг  БМТ Хавфсизлик кенгаши 1325-Резолюциясини имплементация қилиш борасидаги тажрибаси батафсил муҳокама этилди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
Матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech