2021 йил 1 декабрь куни Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитасида шу мавзуда давра суҳбати бўлиб ўтди.
Онлайн ва офлайн шаклда ташкил этилган тадбирда Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси ва унинг вилоятлардаги бўлимлари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Ички ишлар вазирлиги, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омудсман) котибияти ходимлари иштирок этди.
Давра суҳбати 2020 йил 15 октябрда Ирқий камситишнинг барча шаклларини тугатиш тўғрисидаги халқаро конвенция қоидаларини бажариш бўйича Ўзбекистон Республикасининг Ўнинчи – Ўн иккинчи даврий маърузаларини кўриб чиқиш якунлари юзасидан БМТ Ирқий камситишни тугатиш бўйича қўмитасининг якуний мулоҳазалари ва тавсияларини бажариш юзасидан 2020 – 2022 йилларга мўлжалланган Миллий ҳаракатлар режасида белгиланган вазифаларни амалга ошириш доирасида ўтказилди.
Давра суҳбатини ўтказишдан мақсад – келиб чиқиши африкалик бўлган шахсларнинг халқаро ўн йиллиги тўғрисида аҳоли ва давлат хизматчиларининг хабардорлиги даражасини оширишдир. Шунингдек, ирқчилик, ирқий камситиш, ксенофобия ва уларга боғлиқ тоқатсизлик билан курашиш бўйича аниқ чора-тадбирларга бағишланган халқаро ҳужжатлар тавсияларини мамлакатимизда амалга ошириш ҳамда миллатлараро муносабатлар масалалари муҳокама қилинди.
Тадбирда БМТ Бош Ассамблеясининг 2013 йил 23 декабрдаги 68/237-сон резолюцияси билан 2015-2024 йилларни “Келиб чиқиши африкалик бўлган шахсларнинг халқаро ўн йиллиги” деб эълон қилинганлиги ҳамда уларнинг иқтисодий, ижтимоий, маданий ва бошқа барча имкониятлардан тўлиқ баҳраманд бўлишини таъминлаш учун маҳаллий, минтақавий ва халқаро ҳамкорликни кучайтириш зарурлиги ҳақида сўз борди. Шунингдек, уларнинг фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқларини таъминлаш ҳамда жамият ҳаётининг барча жабҳаларига тенг асосда жалб этиш лозимлиги таъкидланди.
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги маълумотига қараганда, 2020 йил ҳолатига, юртимизда келиб чиқиши африкалик бўлган шахсларнинг умумий сони 3 минг 199 нафарни ташкил қилади.
Миллий ҳаракатлар режасидаги тадбирларни амалга ошириш учун масъул этиб белгиланган ташкилотларнинг дастлабки умумлаштирилган таҳлилий маълумотларига кўра, келиб чиқиши африкалик бўлган шахслардан, уларнинг ҳуқуқлари бузилиши ёки камситилишга дуч келиши бўйича мурожаатлар келиб тушмаган.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 02.12.2021
- Кўришлар: 3453
- Чоп этиш