Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Кенгашининг навбатдаги йиғилишида Инсон ҳуқуқлари соҳасида Ўзбекистоннинг халқаро мажбуриятларига риоя этилиши бўйича Парламент комиссиясининг мазкур Парламент комиссияси ҳамда Буюк Британиянинг «Глобал шериклик бошқаруви жамғармаси» билан биргаликда ўтказилган тадбирлар якуни тўғрисидаги ахбороти эшитилди.
Парламент қуйи палатаси маълумотига кўра, Парламент комиссияси аъзолари учун Буюк Британиянинг «Глобал шериклик бошқаруви жамғармаси» нодавлат ташкилоти томонидан 2020-2021 йилларда инсон ҳуқуқлари соҳасида халқаро мажбуриятларга риоя этилиши бўйича жами 5 та онлайн-семинар ҳамда 2 та халқаро парламент форуми ташкил этилган.
Ушбу халқаро тадбирларда БМТ, Парламентлараро Иттифоқ ва бошқа халқаро ташкилотларнинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги тавсиявий ҳужжатлари, хорижий давлатларнинг ушбу соҳадаги илғор тажрибаси, инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро мажбуриятларни бажаришда ҳамда аёллар, ёшлар ва болалар ҳуқуқларини таъминлашда парламентнинг роли билан боғлиқ масалалар муҳокама этилган, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Парламент комиссиясининг ахбороти Қонунчилик палатаси Кенгаши аъзолари томонидан атрофлича кўриб чиқилди. Депутатлар инсон ҳуқуқлари соҳасида халқаро мажбуриятларга риоя этилиши устидан парламент назоратини кучайтиришга кўмаклашиш юзасидан ўз таклифларини билдирди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 20.04.2021
- Кўришлар: 4150
- Чоп этиш