2021 йил 27 июль куни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказида шу мавзуда халқаро форум бўлиб ўтди. Халқаро миграция ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси билан ҳамкорликда ташкил этилган ушбу анжуман 30 июль – Бутунжаҳон одам савдосига қарши кураш кунига бағишланди.
Тадбирдан кўзланган асосий мақсад – миллий ва халқаро тажрибаларни ўзаро алмашиш, одам савдосига қарши курашнинг долзарб масалаларини муҳокама қилиш ва ушбу соҳадаги ўзаро алоқалар масалалари бўйича Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида трансчегаравий ҳамкорликни ривожлантиришдир.
Форумда вазирлик ва ташкилотлар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар, БМТнинг ихтисослашган тузилмалари, Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистоннинг илмий-таълим муассасалари, фуқаролик жамияти институтлари, шунингдек халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов тадбир иштирокчиларини қутлар экан, одам савдосига қарши кураш дунё кун тартибидаги долзарб масалалардан бири бўлиб қолаётганига эътиборни қаратди. БМТ маълумотларига кўра, дунё бўйича ҳар йили 2,7 миллионга яқин одам одам савдоси қурбонига айланмоқда.
Анжуманда Халқаро миграция ташкилотининг Марказий Осиё бўйича минтақавий мувофиқлаштирувчиси Зейнал Гаджиев, Халқаро миграция ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Санжарбек Тошбаев ва бошқалар сўзга чиқди. Иштирокчилар одам савдосининг сўнги тенденциялари, ушбу ҳодиса билан боғлиқ қийинчиликлар, шу жумладан KОВИД-19 пандемиясининг одам савдосига таъсири ва оқибатдарини муҳокама қилдилар.
Дунёда энг шафқатсиз, ғайриинсоний жиноятлардан бири бўлган одам савдоси ҳар куни дунёнинг турли бурчакларида қанчадан-қанча аёллар, эркаклар ва болаларнинг алданиб, эксплуатация объектига айланишига сабаб бўлмоқда. Одам савдоси – бу миллий чегаралардан чиқиб, одамларни инсоний қадр-қимматидан маҳрум этадиган глобал муаммодир.
Ўзбекистон одам савдосига қарши курашиш бўйича халқаро ва минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш, миллий қонунчилик ва механизмларни такомиллаштириш бўйича изчил чораларни кўрмоқда.
2019 йилда Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссиясининг ташкил этилиши бу йўлдаги муҳим ижобий қадамлардан бири бўлди. Шунингдек, халқаро тажрибани ҳисобга олган ҳолда, 2020 йилда янги таҳрирдаги “Одам савдосига қарши кураш тўғрисида”ги Қонун ишлаб чиқилди ва қабул қилинди.
Қонунга мувофиқ, одам савдосидан жабрланганларни идентификация қилиш, аниқлаш уларга зарур ёрдам кўрсатиш ҳамда уларни ҳимоя қилиш, шунингдек уларнинг одам савдосига қайта жалб этилиши хавфининг олдини олиш мақсадида амалга оширилади. Қонунда одам савдоси қурбонларини ижтимоий реабилитация қилиш ва мослаштириш тартиби ҳам белгиланган.
Ушбу соҳада амалга оширилган ишлар натижасида 2021 йил 1 июль куни AҚШ Давлат департаментининг Одам савдоси тўғрисидаги глобал ҳисоботида Ўзбекистон илк маротаба дунё бўйлаб одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш бўйича самарали саъй-ҳаракатларни амалга ошираётган иккинчи тоифадаги (TIER 2) давлатлар даражасига кўтарилди.
AҚШ Давлат департаменти ҳисоботида мазкур саъй-ҳаракатлар доирасида Ўзбекистонда одам савдосига қарши курашиш бўйича янги қонун қабул қилингани алоҳида қайд этилган. Ушбу қонунда одам савдосидан жабрланганларни ҳимоя қилиш қоидалари янада мустаҳкамланганлиги, Жиноят кодексига ўзгартишлар киритилиб, мажбурий меҳнат ва болалар меҳнати бўйича жиноий жавобгарлик кучайтирилганлиги алоҳида таъкидланган.
Халқаро анжуманда қайд этилганидек, одам савдосига қарши глобал даражада курашиш мақсадида халқаро ташкилотлар томонидан бир қатор универсал ҳужжатлар қабул қилинган. Хусусан, Ўзбекистон томонидан БМТнинг Трансмиллий уюшган жиноятчиликка қарши кураш тўғрисидаги конвенцияси (2003 йил 30 август), шунингдек Трансмиллий уюшган жиноятчиликка қарши кураш конвенциясини тўлдирувчи Одам савдосининг, айниқса, аёллар ва болалар савдосининг олдини олиш ҳамда унга чек қўйиш ва унинг учун жазолаш ҳақидаги протоколи (2008 йил 8 июль) ратификация қилинган.
Айни чоғда, БМТнинг 2000 йил 15 ноябрдаги Трансмиллий уюшган жиноятчиликка қарши кураш конвенциясини тўлдирувчи Одам савдосининг, айниқса, аёллар ва болалар савдосининг олдини олиш ҳамда унга чек қўйиш ва унинг учун жазолаш ҳақидаги қўшимча протоколи одам савдосига қарши курашишнинг умумэътироф этилган ягона ҳуқуқий инструменти ҳисобланади.
Ушбу универсал халқаро ҳужжат “Палермо протоколи” номи билан машҳурдир. Уни, 2020 йил май ҳолатига кўра, 176 та давлат ратификация қилган бўлиб, ушбу ҳужжатда илк бор “одам савдоси” тушунчасига кенг таъриф берилган. Ҳужжат уни имзолаган мамлакатлар зиммасига одам савдосига қарши курашиш, айбдорларни жазолаш ва қурбонларни ҳимоялаш каби мажбуриятларни юклайди.
Тадбирда Протоколнинг асосий мақсади бу соҳадаги жиноятчиликларнинг нафақат олдини олиш ёки жабрдийдаларни ҳимоя қилиш, балки одам савдоси билан боғлиқ хатти-ҳаракатларга нисбатан жазо қўллаш жабҳасида халқаро ҳамкорликни йўлга қўйишдан иборат эканлиги алоҳида таъкидланди.
Муҳокамалар давомида одам савдосидан жабрланганларни кам идентификациялашнинг асосий сабаблари ва одам савдоси билан боғлиқ жиноятларнинг етарли даражада самарали тергов қилинмаслиги ҳолатлари таҳлил қилинди. Одам савдосини келтириб чиқарадиган сабабларга қарши муваффақиятли курашиш учун мавжуд муаммоларни ҳал қилишда ёндашувларни сифат жиҳатидан ўзгартириш, ваколатли органларнинг яқин ўзаро таъсири ва тизимли ишлаши, давлат ва фуқаролик жамияти саъй-ҳаракатларини бирлаштириш зарурлиги қайд этилди.
Форум якунлари бўйича Ўзбекистонда одам савдосига қарши кураш бўйича таъсирчан механизмларни яратиш, одам савдосидан жабрланганларни аниқлаш ва уларга зарур ижтимоий ёрдам кўрсатиш тизимини такомиллаштиришга қаратилган бир қатор тавсиялар ишлаб чиқилди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 27.07.2021
- Кўришлар: 4408
- Чоп этиш