2021 йил 27 август куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг инсон ҳуқуқлари соҳасида Ўзбекистон Республикасининг халқаро мажбуриятларига риоя этилиши бўйича Парламент комиссиясининг навбатдаги йиғилиши ўтказилди.
Унда Парламент комиссияси томонидан иккита масала кўриб чиқилди.
Парламент комиссияси раиси А.Саидов йиғилишни кириш сўзи билан очаркан, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш механизмини янада такомиллаштириш, бу йўналишда парламент, ҳукумат ва фуқаролик жамияти институтларининг амалий ҳамкорлигини йўлга қўйиш бўйича амалга оширилаётган ишларга тўхталиб ўтди.
Йиғилишда Олий Мажлиснинг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили (Болалар омбудсмани) Алия Юнусованинг Ўзбекистон Республикасида бола ҳуқуқлари кафолатларини таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш шунингдек, Олий Мажлиснинг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили (Болалар омбудсмани) институтининг ташкил этишдан кўзланган асосий мақсад ва вазифалари ҳақида ахбороти эшитилди.
Таъкидланганидек, сўнгги йилларда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг қонунчилик ва ташкилий-ҳуқуқий базасини мустаҳкамлаш, ушбу йўналишдаги халқаро стандартларни миллий қонунчиликка имплементация қилиш ва халқаро мажбуриятларни бажариш, халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни фаоллаштиришга доир тизимли ишлар олиб борилмоқда. Миллий қонунчиликни бола ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро-ҳуқуқий стандартлар билан уйғунлаштириш бўйича амалий чора-тадбирлар кўрилаётир.
Хусусан, Болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишнинг институционал ва ҳуқуқий асосларини тубдан такомиллаштириш, болалар орасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликлар содир этилишининг барвақт олдини олиш, ногиронлиги бўлган болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш мақсадида Президентимизнинг 2021 йил 9 августдаги “Бола ҳуқуқларининг кафолатларини таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони билан Олий Мажлиснинг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили институти таъсис этилди.
Эшитув давомида комиссия аъзолари томонидан янги ташкил этилган институт ўз олдига боланинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини, унинг соғлом турмуш тарзини таъминлаш, боланинг ота-она қарамоғидан маҳрум бўлишининг олдини олиш чораларини кўриш, болалар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси соҳасида давлат дастурлари ва бошқа дастурлар ишлаб чиқилиши ҳамда амалга оширилишини, шунингдек, уларнинг ижроси устидан назоратни ташкил этиш каби устувор вазифаларга эътибор қаратиш лозимлиги таъкидланди.
Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг инсон ҳуқуқлари соҳасида Ўзбекистон Республикасининг халқаро мажбуриятларига риоя этилиши бўйича Парламент комиссиясининг Буюк Британиянинг Глобал ҳамкорлик бошқарув жамғармаси “Global Partners Governance Foundation” (GPGF) нодавлат ташкилоти билан ҳамкорликни давом эттириш масаласи ҳам муҳокама марказида бўлди.
Айтиш керакки, 2020-2021 йилларда Глобал ҳамкорлик бошқарув жамғармаси ва Парламент комиссияси ўртасида инсон ҳуқуқлари ва ёшлар ҳуқуқларига бағишланган 5 та тадбир ҳамда “инсон ҳуқуқлари бўййича халқаро мажбуриятларнинг бажарилишини назорат қилишда парламентларнинг роли”, Ёшлар ҳуқуқларига бағишланган Иккинчи халқаро форумлари ўтказилган.
Йиғилиш якунида кун тартибидаги масалалар юзасидан Парламент комиссиясининг тегишли баённомаси тузилди.
Манба: parliament.gov.uz
- Қўшилди: 27.08.2021
- Кўришлар: 3808
- Чоп этиш