Парламент кутубхонасига мингта китоб тақдим этилди

Давлатимиз раҳбари БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессиясидаги нутқида  Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг Барқарор тараққиёт мақсадларига эришиш ва инсон ҳуқуқларини таъминлашда парламентлар ролини ошириш тўғрисидаги махсус резолюциясини қабул қилиш ташаббусини илгари сурди.

Миллий парламентлар халқаро мажбуриятларни миллий стратегиялар ва қонунларга  уйғунлаштириш жараёнида муҳим аҳамият касб этишини инобатга олсак, ушбу ташаббуснинг ҳаётий зарурат экани аёнлашади. Парламентлар давлатларнинг Барқарор ривожланиш мақсадлари ва инсон ҳуқуқлари доирасида зиммасига олган мажбуриятлари бажарилишида шаффофлик ва ҳисобдорликни таъминлайди.

Шу нуқтаи назардан, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази инсон ҳуқуқлари соҳасида парламент билан узоқ йиллардан бери фаол ва самарали ҳамкорлик қилиб келаётгани жуда муҳим. Айниқса, сўнгги йилларда бу ҳамкорлик янги босқичга кўтарилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 22 июнда қабул қилинган «Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида»ги фармонида билдирилган тавсия асосида 2020 йил 25 сентябрда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси Кенгаши ва Сенати Кенгашининг қўшма қарори билан Инсон ҳуқуқлари соҳасида Ўзбекистон Республикасининг халқаро мажбуриятларига риоя этилиши бўйича Парламент комиссияси тузилди.

Бугунги кунда Парламент комиссияси инсон ҳуқуқлари соҳасида мамлакатимизнинг халқаро мажбуриятларига риоя этилишини таъминлашда ҳамда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегиясини амалга оширишда мутасадди ташкилотларга, шу жумладан Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказига яқиндан кўмаклашмоқда.

Бундай самарали ҳамкорлик ўзаро маърифий йўналишда ҳам фаол олиб борилмоқда. Жумладан, жорий йилнинг март ойида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази 1 минг дона ўзбек, рус ва инглиз тилидаги китоблар жамланмасини Қонунчилик палатасининг ахборот-ресурс марказига беғараз тақдим этди.

Ушбу китобларнинг асосий қисми Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ва БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармаси томонидан нашрга тайёрланган ва чоп этилган.

Тақдим этилган китоблар таркибига депутатлар фаолияти учун ниҳоятда зарур бўлган ҳуқуқий адабиётлар билан бир қаторда бадиий асарлар, шунингдек “Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари” илмий-маърифий журнали тўплами ҳам киритилган.

Парламент кутубхонасидан ўрин олган ушбу китоблар депутатларнинг мутолаа учун ажратган вақтлари мазмунли ўтишига ҳисса қўшади.

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech