Парламентнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича комиссиясида

29 июль куни Қонунчилик палатасида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари соҳасида Ўзбекистон Республикасининг халқаро мажбуриятларига риоя этилиши бўйича Парламент комиссиясининг навбатдаги йиғилиши ўтказилди. Унда парламент комиссияси томонидан олтита масала кўриб чиқилди, дейилади parliament.gov.uz сайти хабарида.

Онлайн тарзда ташкил этилган йиғилишда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Парламент комиссияси раиси Акмал Саидов, Ўзбекистон Республикасининг халқаро мажбуриятларига риоя этилиши бўйича Парламент комиссияси аъзолари, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) Феруза Эшматова, Халқ таълим вазири ўринбосари Ваҳобжон Ражапов, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати раиси Бобур Бекмуродов, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори ўринбосари Дилноза Муратова ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Йиғилишда Парламент комиссияси раиси А.Саидов инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш механизмини янада такомиллаштириш, бу йўналишда парламент, ҳукумат ва фуқаролик жамияти институтларининг амалий ҳамкорлигини йўлга қўйиш, шунингдек, инсон ҳуқуқлари ҳамда манфаатларини таъминлашга қаратиш каби масалаларга алоҳида тўхталди.

Тадбирда Ф.Эшматованинг “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман)нинг 2021 йил биринчи ярим йиллигида мурожаатлар билан ишлаш фаолияти тўғрисида”ги ахбороти эшитилди.

Шунингдек, Халқ таълим вазири ўринбосари В.Ражаповнинг “Бола ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишни янада кучайтириш” юзасидан комплекс чора-тадбирлар дастури доирасида 2-чорак давомида амалга оширилган ишлар бўйича ахбороти эшитилди.

Видеоконференц-алоқа шаклидаги йиғилишда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори ўринбосари Д.Муратова сўзга чиқди. Парламент аъзоларига Ирқий камситишнинг барча шаклларини тугатиш тўғрисидаги халқаро конвенция қоидаларини бажариш бўйича Ўзбекистон Республикасининг Ўнинчи – Ўн иккинчи даврий маърузаларини кўриб чиқиш якунлари юзасидан БМТ Ирқий камситишни тугатиш бўйича қўмитасининг якуний мулоҳазалари ва тавсиялари ижроси доирасида 2020-2022 йилларга мўлжалланган Миллий ҳаракатлар режасининг бажарилиши бўйича ахборот тақдим этилди.

Кун тартибидаги масалалардан яна бири — “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурининг Давлат ва жамият қурилиши тизимини такомиллаштириш йўналиши ижроси юзасидан “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати раиси Б. Бекмуродов ахборот берди.

Йиғилишда якунида Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари соҳасида Ўзбекистон Республикасининг халқаро мажбуриятларига риоя этилиши бўйича Парламент комиссиясининг тегишли баённомаси тузилди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech