2021 йил 24 июнь куни Бухоро шаҳрида “Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда глобал парламентлараро ҳамкорлик” Халқаро форуми ўз ишини давом эттирди.
Форум иштирокчилари сессиялар доирасида гуруҳларга бўлиниб, мавзуга оид долзарб масалаларни муҳокама қилдилар.
Хусусан, 5-сессия иштирокчилари парламент назорати, БРМ бажарилишини мониторинг қилиш ва баҳолаш масаласини кўриб чиқдилар.
Сессияни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси раиси М.Ходжаева, элчи, Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси раҳбари Ш.Адриан олиб борди.
Таъкидланганидек, Ўзбекистонда БРМни амалга ошириш 2017-2021 йилларда миллий Ҳаракатлар стратегияси доирасида амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотларга тўғри келди.
Миллий БРМни комплекс, тармоқ ва минтақавий ривожлантириш стратегиялари ҳамда дастурларига интеграциялаш бўйича иш олиб борилмоқда, ислоҳотлар самарадорлиги 23 та глобал рейтинг (индекс), шу жумладан глобал БРМ рейтинги орқали назорат қилинмоқда.
Ўзбекистонда валюта ва солиқ, аграр ислоҳотлар бошланди, ишбилармонлик муҳитини яхшилаш, тадбиркорлик ва расмий бандликни рағбатлантириш, шу жумладан ёшлар ва аёллар ўртасида рағбатлантириш, шунингдек инвестициялар ва инновациялар жалб қилиш бўйича чоралар кўрилди. Ташқи савдони босқичма-босқич эркинлаштириш ва ЖСТга аъзо бўлиш устида иш олиб борилмоқда. Ёшлар ва хотин-қизлар ўртасида барқарор бандликни таъминлаш, шунингдек, ижтимоий ҳимоя тизими самарадорлигини ошириш масалалари долзарб масала бўлиб қолмоқда.
Барқарор ривожланиш мақсадларини тарғиб қилишда Ўзбекистонда ташкил этилган БРМни мониторинг қилиш бўйича Парламент комиссияси, шунингдек, фуқаролик жамияти, ёшлар ва етакчи миллий нодавлат нотижорат ташкилотлари фаол иштирок этмоқда.
Тадбирда қуйидаги мавзулар кўриб чиқилди: “БРМ бажарилиши устидан парламент назоратини амалга ошириш миллий амалиёти”, “БРМ самарали бажарилишини мониторинг қилиш ва баҳолаш воситалари”, “БРМни амалга оширишда парламент назорати механизмларини ишлаб чиқиш”, “БРМга эришишда парламентнинг ўзини ўзи баҳолаш усуллари: Индонезия тажрибаси”, “Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда парламент роли – бу жаҳон амалиёти”.
Манба: senat.uz
- Қўшилди: 24.06.2021
- Кўришлар: 4028
- Чоп этиш