Варшавада “Инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилиш: Ўзбекистондаги суд-ҳуқуқ ислоҳотлари мисолида” номли рисола нашрдан чиқди. Янги китоб Польшанинг “Marszatek Holding” нашриёт-матбаа маркази томонидан чоп этилди.
Рисола Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида кейинги беш йилда мамлакатда инсон ҳуқуқларига амал қилиш ва ушбу соҳанинг зарур ҳуқуқий-норматив асосларини яратиш борасида амалга оширилган муҳим ислоҳотлар самараларига бағишланган. Унинг саҳифаларида Ўзбекистон Президентининг асарлари, маъруза ва нутқларидаги ғоя ва фикрлардан кўплаб иқтибослар берилган.
Китоб бир нечта фаслдан иборат. Муқаддима қисмида 2021 йилда Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 30 йиллиги кенг нишонланиши алоҳида таъкидланган. Бу тарихий сана “Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик!” деган эзгу ғоя асосида кенг байрам қилинади.
Дастлабки фаслда давлатимиз раҳбарининг 2021 йилда Олий Мажлисга тақдим этган Мурожаатномаси таҳлилга тортилган. Яна бир фаслда Ўзбекистонда 2021 йилнинг “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” йили деб номлангани ва шу номдаги Давлат дастури изчил амалга оширилаётгани ҳақида сўз боради.
Китобнинг навбатдаги фаслида Президент Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 46-сессиясидаги нутқи эълон қилинган. Мазкур нутқнинг моҳияти ва аҳамияти чуқур талқин этилган саҳифаларда Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаш аъзоси сифатида биринчи марта ушбу нуфузли халқаро ташкилотга сайлангани ва унинг таркибида қатъият билан фаолият олиб бораётгани қайд этилган.
Юртбошимизнинг демократик ислоҳотлари янги Ўзбекистонни бунёд этишга қаратилган бўлиб, бу ўзгаришлар ортга қайтмайдиган тус олди. Китобда Ўзбекистон Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг “Инсон ҳуқуқлари йўлида ҳаракатга даъват” ташаббусини илгари суриш учун барча хорижий ва халқаро шериклари билан яқин ҳамкорликни давом эттираётгани эътироф этилган.
Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси Ўзбекистон Республикаси мустақилликка эришгач қўшилган биринчи халқаро ҳуқуқий ҳужжатдир. Ўзбекистон Республикаси Конституцияси нормалари Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қоидаларига тўла мос келади.
Ўзбекистон Конституциясининг норма ва принципларидан келиб чиқиб, бундан беш йил олдин Ҳаракатлар стратегияси қабул қилинди ҳамда мамлакатда кенг кўламли ва шиддатли демократик ислоҳотлар бошлаб юборилди. Бугунги кунда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегияси амалда татбиқ этилаётгани ҳам алоҳида эътиборга сазовор.
Айниқса, сўнгги йилларда мамлакатда суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш, фуқаро ва тадбиркорларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш чораларини кучайтириш, одил судловни самарали таъминлаш ҳамда судьялар ҳамжамияти ролини ошириш бўйича шиддатли янгиланишлар амалга оширилмоқда. Натижада одил судлов жараёнида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш даражаси янги босқичга чиқди.
Китоб саҳифаларидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидовнинг “Янги Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги янги ташаббуслари” номли мақоласи ҳам жой олган. Мақолада Ўзбекистон Президенти БМТ юксак минбаридан айни соҳада илгари сурган миллий, минтақавий ва халқаро ташаббусларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти ҳақида атрофлича фикр юритилган.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 04.08.2021
- Кўришлар: 3666
- Чоп этиш