ПРЕЗИДЕНТ САЙЛОВИ ДЕМОКРАТИК ТАМОЙИЛЛАР АСОСИДА БЎЛИБ ЎТДИ

Кеча 24 октябрь куни мамлакатимизнинг кейинги беш йиллик ривожланиш йўлини белгилаб берувчи муҳим сиёсий тадбир – Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови бўлиб ўтди.

Марказий сайлов комиссияси раиси Зайниддин Низамходжаевнинг сайлов якуни бўйича брифингда берган маълумотига кўра, мамлакатимиз бўйича сайловда иштирок этганлар 16 миллион 36 минг 914 нафарни ёки жами сайловчиларнинг 80,8 фоизини ташкил этди. Ўзбекистон Республикасининг Европадаги айрим давлатлар ва Америка Қўшма Штатларидаги ваколатхоналари ҳузурида ташкил этилган сайлов участкаларида овоз бериш жараёнлари давом этаётганини инобатга олсак, бу рақамлар яна ошишини айтиш мумкин.

– Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 96-моддасида, сайлов, агар унда сайловчиларнинг камида 33 фоизи иштирок этган бўлса, ҳақиқий деб ҳисобланиши белгиланган. Демак, Сайлов кодексига асосан Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови бўлиб ўтган ва ҳақиқий деб ҳисобланади, – деди З.Низамходжаев.

Сайлов жараёнларида йигирмага яқин халқаро ташкилотдан, элликка яқин давлатдан келган мингга яқин халқаро кузатувчилар, шунингдек Президентликка номзод кўрсатган сиёсий партиялардан ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан 64 минг 450 нафар маҳаллий кузатувчи қатнашди.

– Сайлов жараёни шаффофлик билан ўтди, – деди Фарғона шаҳридаги сайлов участкалари фаолияти билан яқиндан танишган халқаро кузатувчи латвиялик Андрис Спрудс. – Сайловчилар ўз бурч ва масъулиятини жуда яхши билади. Улар эркин, ихтиёрий равишда овоз берди. Сайлов участкаси аъзолари, маҳаллий кузатувчилар миллий Сайлов кодекси, халқаро тамойилларга мувофиқ фаолият кўрсатди.

Сайлов жараёнини ташкил этиш ва ўтказишда барча даражадаги сайлов комиссияларининг 143 мингга яқин аъзолари қатнашди. Мамлакатимизда жами 10 минг 761 та сайлов участкаси тузилди. Тошкент шаҳридаги сайлов участкалари сони 822 тани ташкил этди.

-Президент сайловини юқори даражада ўтказиш учун барча шарт-шароитлар яратиб берилди, – деди Тошкент шаҳри Янгиҳаёт туманидаги 617-сайлов участкаси раиси Санжар Тўрақулов. – Аҳолининг сайловда фаол иштирокини таъминлаш мақсадида фаол тарғибот ишлари олиб борилди. Хонадонма-хонадон юриб, барча сайловчиларга таклифномалар тарқатилди. Бунинг натижасини сайлов жараёни кўрсатиб беряпти. Участкамизда 1037 нафар сайловчи рўйхатга олинган бўлса, уларнинг мингдан ортиғи овоз беришда қатнашди. Сайловчиларнинг асосий қисми ёшлардан иборат.

Ўзбекистон Республикаси Президентлигига ўтказилган сайловнинг дастлабки натижалари бугун соат 16:00 да эълон қилинади.

 

Азизбек РАМАЗОНОВ,

“Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари”

журнали масъул котиби

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech