Барқарор ривожлантириш мақсадларининг қабул қилингани яқин истиқболда инсоният фаровонлигини таъминлаш йўлидаги муҳим қадам бўлди

Хабар берилганидек, бугун, 23 июнь куни Бухоро шаҳрида Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда парламентлараро глобал ҳамкорлик халқаро форуми ўз ишини бошлади.

Халқаро, парламентлараро ҳамкорлик доирасида илк маротаба ўтказилаётган ушбу Форумнинг очилишида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Нарбаева ўз кириш сўзида барча тадбир иштирокчиларини самимий қутлади.

Бугунги тадбир давлатимиз раҳбарининг БМТ Бош Ассамблеяси 75-сессиясида Барқарор тараққиёт мақсадларига эришиш ва инсон ҳуқуқларини таъминлашда парламентлар ролини ошириш тўғрисида БМТнинг махсус резолюциясини қабул қилишга оид ташаббуси доирасида ўтказилмоқда, – деди Сенат Раиси Т.Нарбаева. – Мазкур ташаббус барчамизни янада бирдамликка, белгиланган мақсадларга эришиш йўлидаги устувор вазифаларни ўзаро ҳамкорликда амалга оширишга ундайди. Зеро, бугун инсоният глобаллашув жараёнлари шиддатли тус олган даврда яшамоқда. Тараққиёт шиддати ва юзага келаётган муаммолар глобал даражада мувозанатлашган ва мувофиқлаштирилган саъй-ҳаракатларни тақозо этмоқда. Шу маънода, 2015 йилда дунё миллатлари якдиллиги асосида Барқарор ривожланиш мақсадларининг қабул қилингани яқин истиқболда инсоният фаровонлигини таъминлаш йўлидаги муҳим қадам бўлди. Ушбу мақсадлар дунё давлатларининг ривожланиш дастурлари ва стратегияларини мувофиқлаштиришга ҳамда бир оқимга йўналтиришга хизмат қилувчи глобал мажбуриятдир. Бу орқали ҳар бир мамлакат тараққиёт йўлининг умуминсоний ривожланиш мақсадлари билан уйғунлиги таъминланади.

Манба: senat.uz

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech