18 июнь куни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори, Парламентлараро Иттифоқ Вице-президенти Акмал Саидов Қозоғистон Республикаси Парламенти Сенатининг Халқаро муносабатлар, мудофаа ва хавфсизлик масалалари бўйича қўмитаси томонидан ташкил этилган давра суҳбатида иштирок этди ва сўзга чиқди. Онлайн ва офлайн шаклда бўлиб ўтган ушбу анжуман “Қозоғистонда Омбудсман институти: муаммо ва истиқболлар” мавзусига бағишланди.
Тадбирда Қозоғистон Президенти ташаббуси билан “Қозоғистон Республикасининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили тўғрисида”ги қонунни қабул қилиш орқали мамлакатда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш механизмларини янада такомиллаштириш масаласи кўриб чиқилди. Муҳокамаларда давлат органлари, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича миллий институтлар, халқаро ташкилотлар, илмий жамоатчилик ва фуқаролик жамияти вакиллари қатнашди.
Қозоғистон Парламенти Сенати Матбуот хизматининг хабарига кўра, Қозоғистон Республикасининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили ҳузуридаги Экспертлар кенгаши тақдим этган тегишли қонун лойиҳаси асосида қонунчиликка киритилиши тавсия этилган янгиликлар миллий ва халқаро экспертлар томонидан ижобий баҳоланган. Лойиҳани янада такомиллаштириш юзасидан амалий таклифлар билдирилган.
Қозоғистон Парламенти Сенатининг Халқаро муносабатлар, мудофаа ва хавфсизлик масалалари бўйича қўмитаси раиси Мухтар Кул-Мухаммеднинг сўзларига қараганда, айни вақтда “Қозоғистон Республикасининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили тўғрисида”ги қонун лойиҳаси юзасидан ҳуқуқий, лингвистик ва антикоррупциявий экспертиза хулосалари олинган. Лойиҳа матни кўриб чиқиш учун – Қозоғистон Ҳукуматига юборилган ва умумхалқ муҳокамаси учун – Қозоғистон Парламенти Сенатининг расмий сайтига жойлаштирилган.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 21.06.2021
- Кўришлар: 3960
- Чоп этиш