Қардош қозоқ олимининг эътирофи

Яқинда бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини кузатиш жараёнларида иштирок этган халқаро кузатувчилар сафида қозоғистонлик олим – юридик фанлар доктори, профессор Марат Башимов ҳам бор эди. Унинг Нур-Султон шаҳрида рус тилида ҳар ҳафтада нашр этиладиган “Инсон ва қонун” (“Человек и закон”) газетасининг 2021 йил 29 октябрь сонидаги мақоласида ана шу сайлов жараёнларидан олган таассуротлари ҳақида сўз боради.

Муаллиф ўз мақоласини “Ўзбекистон Шавкат Мирзиёевни Президент этиб сайлади” (“Узбекистан избрал своим Президентом Шавката Мирзиеева”) деб номлаган. Мақолада Ўзбекистон сайлов тизими ва қонунчилиги, сайлов комиссиялари ва сайлов участкаларининг фаолияти, сайлов жараёнларининг ташкил этилиши амалиёти ҳамда овоз бериш натижалари билан ўзбек халқининг орзу-истаги ҳамда истиқбол режалари нечоғлик муштарак экани ҳақида атрофлича ҳикоя қилинган.

Шунингдек,  М.Башимов Ўзбекистондаги турли давлат ва нодавлат ташкилотлари фаолияти билан танишгани ҳақида сўз юритган. Хусусан, қозоғистонлик ҳуқуқшуноснинг фикрича, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази – Ўзбекистондаги шиддатли ислоҳотларга муносиб ҳисса қўшиб келаётган энг муҳим давлат ташкилотларидан бири, ўзига хос йирик “ақл маркази”дир. Марказ инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, бу йўналишда таҳлил ва экспертиза ишларини амалга ошириш, умуман, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларини муҳофаза қилиш борасида кенг фаолият кўламига ҳамда катта амалий тажрибага эга.

 Муаллиф ўзининг ўзбекистонлик ҳамкасби – юридик фанлар доктори, профессор, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директорининг биринчи ўринбосари Мирзатилло  Тиллабоев билан учрашувини ҳам алоҳида тилга олган. Қардош халқ вакили мақоласи сўнгида коронавирус пандемияси сабаб бир муддат бир-биримиздан узоқлашиб қолганимизга қарамай, ўзаро дўстлик, ҳамкорлик ва ҳамжиҳатлик халқларимизни доимо бирлаштириб туришини эътироф этган.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech