Қийноқ ҳолатларини аниқлаш бўйича жамоатчилик гуруҳлари таркиби кенгайтирилади

Президентнинг “Қийноқ ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ҳузуридаги Қийноқ ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш бўйича жамоатчилик гуруҳлари таркибига Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Миллий маркази, Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил экспертлари, тиббиёт ходимлари, нодавлат-нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари ва фуқаролик жамияти бошқа институтлари вакилларини жалб қилиш тавсия этилди.

Белгиланишича, жамоатчилик гуруҳларига экспертларни жалб қилишда, уларнинг мониторинг ташрифларини амалга ошириш учун етарли бўлган касбий малакаси, тажрибаси ҳамда гендер тенглиги ҳисобга олинади.

Жамоатчилик гуруҳларининг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари этиб қуйидагилар белгиланмоқда:

  • ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларга (гауптвахтада ҳибсда сақлаш қўлланилган, маъмурий қамоққа олинган, жиноят ишини юритиш чоғида ушлаб турилган ва қамоққа олинган, озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлган жазоларга ҳукм қилинган, мажбурий даволаш муассасалари) қийноқлар олдини олиш бўйича мониторинг ташрифларини амалга ошириш;
  • ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларда сақлаш шарт-шароитларига тааллуқли маълумотлар йиғиш;
  • қийноқ ҳолатлари тўғрисида мурожаатлар қабул қилиш, уларни мониторинг ташрифлари бўйича ҳисоботга киритиш ва омбудсманга тақдим қилиш;
  • қийноқ ҳолатларини аниқлаш ва уларни тезкор бартараф этиш бўйича тавсияларни тегишли муассасага (органга) тақдим қилиш;
  • қийноқ ҳолатлари тўғрисидаги мурожаатларни тезкор ва холисона кўриб чиқиш ҳамда уни келтириб чиқарган сабабларни бартараф этиш бўйича тавсияларни тегишли муассасага (органга) тақдим қилиш;
  • қийноқдан жабрланганларга ижтимоий, ҳуқуқий, психологик ва тиббий ёрдам кўрсатилиши бўйича тегишли муассасага (органга) тақдимнома киритиш;
  • қийноқлар хавфини камайтириш ва олдини олиш ҳамда бу соҳада илғор тажрибани жорий қилишга қаратилган таклифлар ишлаб чиқиш.

Белгиланишича, жамоатчилик гуруҳи аъзолари мониторинг ташрифлари давомида ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар ёки уларнинг қонуний вакиллари билан шахсан ва холи учрашади.

Жамоатчилик гуруҳлари қонунийлик, ҳисобдорлик, очиқлик ва шаффофлик принциплари асосида, мустақил фаолият олиб боради.

Давлат органлари ва уларнинг мансабдор шахслари жамоатчилик гуруҳлари қонуний фаолиятини амалга оширишига кўмаклашади.

Жамоатчилик гуруҳлари аъзолари хавфсизлигини таъминлаш мониторинг ташрифлари ўтказиладиган муассаса зиммасига юклатилади.

Жамоатчилик гуруҳлари аъзолари қонунга зид ҳаракат қилган тақдирда мониторинг ташрифлари ўтказилаётган муассаса маъмурияти раҳбари бу ҳақда омбудсманни ёзма равишда хабардор қилади.

Манба: kun.uz

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech