Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал ва Фуқаролик кодексларига қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди. Лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 26 июнда қабул қилинган “Қийноққа солиш ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорининг 5-банди ижроси доирасида тайёрланди.
Қонун лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасини ўтказиш учун Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига (regulation.gov.uz) жойлаштирилди. Лойиҳа матни билан қуйидаги ҳавола орқали танишиш мумкин: https://regulation.gov.uz/oz/d/50457
Мазкур Қонун лойиҳасини қабул қилиш зарурати қуйидагилар билан изоҳланади:
биринчидан, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитаси ва Қийноққа қарши қўмитасининг Ўзбекистон Республикасининг даврий ҳисоботларини кўриб чиқиш якунлари бўйича берган тавсиялари ижросини таъминлайди;
иккинчидан, қийноққа солишдан жабрланганларга ижтимоий, ҳуқуқий, психологик ва тиббий ёрдам кўрсатилиши ҳамда уларга етказилган зарарнинг компенсация қилиниши таъминланади;
учинчидан, қийноққа солишдан жабрланганларга етказилган зарарни компенсация қилиш кўплаб хорижий давлатларнинг қонунчилигида ҳам янги амалиёт бўлиб, бу мамлакатнинг халқаро имижига ижобий таъсир кўрсатади;
тўртинчидан, Ўзбекистон БМТнинг Қийноқларга қарши конвенциясини 1995 йилда ратификация қилиб, миллий қонунчиликда қийноққа солишдан жабрланган шахсларнинг компенсация тўловларини олиши ҳуқуқини белгилаш мажбуриятини олган;
бешинчидан, қийноққа солишдан жабрланганларга етказилган зарар фақатгина айбдор бўлган мансабдор шахслар зиммасига юкланиши зарарнинг тўла ҳажмда қопланмаслигига ҳам сабаб бўлиши мумкин, шу муносабат билан, бундай зарарни қоплаш давлат томонидан тўла ҳажмда тўланиши жуда муҳим аҳамиятга эга.
Қонун лойиҳасининг мазмуни қуйидагилардан иборат:
- Жиноят процессуал кодекснинг 275-моддаси қийноққа солиш жинояти натижасида жабрланувчига етказилган мулкий ва маънавий зиённи қоплаш тўғрисидаги даъволар жиноят процессида кўрилиши мумкинлигини белгиловчи норма билан тўлдирилмоқда;
- Фуқаролик кодексининг 991-моддасига қийноққа солиш жинояти натижасида етказилган зарар давлат томонидан тўла ҳажмда тўланишини белгиловчи қўшимча киритилмоқда;
- Фуқаролик кодексининг 1021-моддасидаги маънавий зарар уни етказувчининг айбидан қатъи назар қопланиши лозим бўлган ҳолатларга қийноққа солиш жинояти натижасида етказилган зарарни ҳам киритиш таклиф этилмоқда.
Қонун лойиҳасини қабул қилишдан кутилаётган натижалар:
- қийноққа солиш оқибатида зарар кўрган жабрланувчиларнинг ҳуқуқларини янада ҳимоя қилиш ва тиклашга, уларга етказилган моддий, маънавий ва бошқа зарарларнинг қопланишига омил бўлади;
- мамлакатнинг иқтисодий ва сиёсий-ҳуқуқий рейтинг ҳамда индекслардаги ўрнига ижобий таъсир кўрсатади. Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятларини бажариш механизмини такомиллаштиради;
- қийноққа солиш натижасида етказилган зарарнинг компенсация қилиш манбаи белгиланади;
- қийноққа солиш натижасида етказилган зарарнинг давлат томонидан компенсация қилиниши ҳуқуқбузарликнинг жиддийлиги ва етказилган зарар билан мутаносиблигини таъминлайди;
- Ўзбекистон Республикасининг БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши аъзоси сифатида БМТ махсус процедуралари билан конструктив мулоқотни давом эттиришига хизмат қилади.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 05.10.2021
- Кўришлар: 3396
- Чоп этиш