Қийноққа солишга қарши курашиш: соҳа мутахассислари учун ўқув машғулотлари бошланди

2021 йил 17 ноябрь куни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ташаббуси билан “Қийноққа солишга қарши курашиш: халқаро амалиёт ва миллий тажриба” мавзусидаги ўқув курсларининг биринчи босқичи ўз ишини бошлади. Уч кунлик ушбу тадбир Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ва Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси билан ҳамкорликда ўтказилмоқда.

Ўқув курсларида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги тергов департаменти, Ички ишлар Академияси, Ички ишлар вазирлиги Малака ошириш институти, Бош прокуратура Академияси масъул ходимлари, профессор-ўқитувчилари, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ички ишлар бошқармалари тезкор-қидирув, терговга қадар текширув, суриштирув, дастлабки тергов фаолиятини амалга оширувчи органлар ва жазони ижро этиш муассасалари ходимлари иштирок этмоқда.

Мазкур машғулотлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Қийноққа солиш ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорининг 5-банди доирасида ташкил этилди. Унда Миллий марказ, Ички ишлар вазирлиги ва Бош прокуратурага биргаликда 2021 йил 1 октябрдан бошлаб тезкор-қидирув, терговга қадар текширув, суриштирув, дастлабки тергов фаолиятини амалга оширувчи органлар ва жазони ижро этиш муассасалари ходимларининг қийноққа солишга қарши курашиш бўйича билим ва малакаларини ошириш мақсадида шундай ўқув курсларини ташкил этиш вазифаси белгиланган.

Ўқув курсларининг 19 ноябргача давом этадиган биринчи босқичида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан, Ички ишлар вазирлиги Тергов департаментидан 401 киши иштирок этмоқда.

Кейинги босқичда, яъни 24-26 ноябрь кунлари Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан Ички ишлар вазирлиги тизимида фаолият олиб борувчи 408 нафар тезкор-қидирув, терговга қадар текширув, суриштирув, дастлабки тергов фаолиятини амалга оширувчи органлар ва жазони ижро этиш муассасалари ходимлари, 15-17 декабрь кунлари жами 391 нафар ходим, жами 1200 нафар ходим иштироки кутилмоқда.

Ўқув курслари БМТнинг устав органлари ва шартномавий қўмиталари тавсияларини ҳамда қийноққа солишнинг олдини олиш бўйича миллий превентив механизмларни такомиллаштириш соҳасидаги тажрибаларни ҳисобга олган ҳолда ташкил этилган.

Машғулотлар тезкор-қидирув, терговга қадар текширув, суриштирув, дастлабки тергов фаолиятини амалга оширувчи органлар ва жазони ижро этиш муассасалари ходимларининг қийноққа солишга қарши курашиш борасидаги халқаро амалиётдан хабардорлигини, айни соҳадаги миллий тажриба ва амалий кўникмаларини янада оширишга мўлжалланган.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech