Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан 2021 йилнинг ўтган 11 ойи мобайнида “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги қонун талабларининг сўзсиз бажарилиши мониторинги доирасида муайян ишлар амалга оширилди.
Мурожаатларнинг аксарият қисми мазмунидан келиб чиқиб, давлат органлари ва муассасалари, маҳаллий давлат ҳокимияти ҳамда ҳуқуқни мухофаза қилиш идоралари томонидан мурожаатларнинг муддатида, тўлиқ ва холисона кўриб чиқилишини таъминлашга қаратилган фаолиятга алоҳида эътибор қаратилди.
Миллий марказга мурожаат қилган Тошкент шаҳар, Олмазор туманида яшовчи фуқаро Н.Аҳмедовнинг (фуқаро З.Д.Аҳмедованинг ишончли вакили) мурожаатини ўрганиш давомида Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармасининг 2021 йил 15 июлдаги буйруғи билан Олмазор тумани халқ таълими бўлими тасарруфидаги 146-сонли умумий ўрта таълим мактаби директори З.Аҳмедова билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинганлиги, бунга асос сифатида Халқ депутатлари Олмазор тумани Кенгашининг хати ҳам кўрсатилгани аниқланди.
Ўрганишда маҳаллий Кенгаш бу борада қарор қабул қилишда “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги қонуннинг 24-моддасида кўрсатилган ваколатлари доирасидан четга чиққанлиги, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 6 ноябрдаги “Ўзбекистоннинг янги тараққиёт даврида таълим-тарбия ва илм-фан сохаларини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонининг 11-банди талаблари бошқача талқин қилинганлиги маълум бўлди.
Шу сабабли ҳамда “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги қонун талабларидан келиб чиқиб, Халқ депутатлари Олмазор туман Кенгашининг ушбу қарорини кўриб чиқиш тўғрисида жорий йилнинг 1 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатига тавсия хати киритилди.
Халқ депутатлари Олмазор туман Кенгашининг 2021 йил 28 майдаги 248/2-34-сонли қарори халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашининг 16.11.2021 йил 16 ноябрдаги VI-50-124-14-0-K/21-сонли қарори билан бекор қилинганлиги Сенат томонидан маълум қилинди.
Шу тариқа,фуқаро З.Аҳмедованинг ҳуқуқлари бузилишига олиб келган маҳаллий Кенгашнинг ноқонуний қарори бекор қилинди ва адолат тантана қилди. Бир сўз билан айтганда, қонун устуворлиги таъминланди.
Отабек Норбоев,
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий маркази бўлим бошлиғи
- Қўшилди: 06.12.2021
- Кўришлар: 3544
- Чоп этиш