2021 йил 23 июнь куни Бухоро шаҳрида “Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда глобал парламентлараро ҳамкорлик” Халқаро форуми ўз ишини бошлади.
Форум иштирокчилари сессиялар доирасида гуруҳларга бўлиниб, мавзуга оид долзарб масалаларни муҳокама қилдилар.
Хусусан, 2-сессия иштирокчилари мамлакатни ривожлантириш миллий стратегиялари нуқтаи назаридан БРМни амалга ошириш масаласини кўриб чиқдилар.
Сессияни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари А. Саидов, БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили М. Димовска олиб борди.
2015 йил сентябрь ойида дунёнинг бошқа давлатлари сингари Ўзбекистон ҳам 2030 йилгача Барқарор ривожланиш мақсадлари (БРМ) кун тартибига содиқлигини тасдиқлади ва барқарор, изчил иқтисодий ўсиш, ижтимоий интеграция, атроф муҳитни муҳофаза қилиш ҳамда тинчлик ва хавфсизликни таъминлашга кўмаклашиш каби мақсадларни миллий даражада амалга ошириш бўйича шартларни қабул қилди. Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 20 октябрдаги қарори билан 2030 йилгача бўлган даврда барқарор ривожланиш соҳасидаги миллий мақсад ва вазифалар ва уларга эришишга доир “Йўл харитаси” тасдиқланди.
Ўзбекистонда БРМни амалга ошириш Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларга тўлиқ мос келади. Ҳаракатлар стратегиясининг бешта устувор йўналиши БРМга эришиш йўли сифатида тасдиқланган.
БРМ миллий ва минтақавий ривожлантириш стратегиялари ва дастурларига, шу жумладан, Ўзбекистоннинг 2030 йилгача ижтимоий-иқтисодий ривожланиш концепциясига киритилган. Ҳозирги вақтда БРМ мақсадлари ва индикаторлари 190 дан ортиқ стратегик ҳужжатлар, тармоқ ва ҳудудий дастурларга киритилган.
Сессия давомида Ўзбекистон Республикасида олиб борилаётган ислоҳотларнинг барқарор ривожланиш мақсадлари ва вазифаларига мувофиқлигини таъминлаш масалалари, Малайзия тажрибаси, шунингдек Европа
Иттифоқининг БРМни амалга ошириш стратегияси, ЕХҲТ Парламент Ассамблеяси фаолияти, парламентлараро алоқалар ва туркийзабон мамлакатлар ҳамкорлиги ва бошқа масалалар кўриб чиқилди.
Манба: senat.uz
- Қўшилди: 23.06.2021
- Кўришлар: 4195
- Чоп этиш