Регистондаги мадрасалар янги экспозициялар билан бойитилди

ЮНЕСКО Бош конференциясининг 43-сессияси муносабати билан Самарқанд шаҳар Регистон мажмуасидаги Мирзо Улуғбек ва Тиллакори мадрасаларида доимий фаолият кўрсатувчи музей экспозицияларини янгилаш ҳамда ички қисмларини реставрация қилиш бўйича кенг кўламли ишлар якунига етди.

—Янгиланган экспозициялар Самарқанд ва темурийлар даврининг тарихий-маданий меросини замонавий асосда талқин этиб, ўша даврда Самарқанд илм-фан, таълим ва санъатнинг йирик марказларидан бири бўлганини кўрсатади, —дейди Регистон мажмуаси раҳбари Хонқул Самаров. 

—Жумладан, Мирзо Улуғбек мадрасаси экспозицияси Абу Райҳон Беруний, Ибн Сино, Али Қушчи каби алломаларнинг 50 дан ортиқ ноёб қўлёзмалари, ХV асрнинг буюк астрономи ва маърифатпарвари Мирзо Улуғбек фаолиятини ёритувчи илмий асбоб-ускуналар ва тарихий материаллар билан бойитилди. Тиллакори мадрасасидаги кўргазма эса Регистон ансамблининг шаклланиш тарихи ва унинг меъморий гўзаллигини очиб беради. Экспозиция рақамли реконструкциялар ва интерактив элементлар билан бойитилиб, томошабинга тарихни янада жонли ҳис этиш имконини яратади.  

Экспонатларнинг аксарияти француз ва ўзбекистонлик реставраторлар ҳамкорлигида қайта тикланган. Яъни янгиланган музей маконининг дизайни французларнинг Wilmotte & Associés меъморий бюроси томонидан ишлаб чиқилиб, Шарқ анъаналарининг бетакрор руҳи замонавий музейшунослик талабларига уйғун тарзда мужассам этилган.

Айни кунларда мазкур масканлар ЮНЕСКО Бош конференцияси сессияси иштирокчилари ва меҳмонлар билан гавжум.

Ғ. Ҳасанов, ЎзА мухбири

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech