Рейнхольд ЛОПАТКА, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Парламент ассамблеясининг махсус вакили:
— Мен, аввало, нафақат Ўзбекистонда, балки дунё бўйича илк бор ўтказилаётган бу форум ташкилотчиларига миннатдорлик билдирмоқчиман. Негаки, форумда бутун инсониятни ташвишлантираётган, ўйлантираётган глобал масалалар муҳокама қилинади, улар ечими юзасидан аниқ таклифлар ўртага ташланади. Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистонда иқтисодий-ижтимоий соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотлар алоҳида эътирофга лойиқ. Бугун мамлакатингиз улкан янгиланишлар жараёнини бошдан кечираяпти. Одамларнинг ўз ҳаётларидан рози бўлиб яшашлари йўлида катта ишлар бажарилмоқда.
Форумда жуда муҳим масалалар кўриб чиқилади¸янги мақсадлар белгиланади. Чунки дунё давлатлари ўртасида умумий мақсадлар бениҳоя кўп. Масалан, иқтисодиёт соҳасида ёки жамият кушандаси саналган коррупциянинг пайини қирқиш масаласида.
Мен ушбу форумда терроризм ва зўравонликдек инсоният ҳаловатини ўғирлаётган иллатлар ҳақида сўз юритиш ниятидаман.
Форум бошланмай туриб ўзаро ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш ҳақида фикрлашиб олдик. Масалан, Ўзбекистон делегациясини турли соҳаларни ўрганиш ва ўзаро тажриба алмашиш мақсадида Австрияга таклиф этиш кўзда тутиляпти.
Шу ўринда Бухоро шаҳри ҳақида ҳам тўхталмасдан ўтолмайман. У ўзида ўтмиш ва бугунни мужассам этган ажойиб шаҳар. Форумнинг шундай тарихий шаҳарда ўтаётганидан хурсандман.
Манба: senat.uz
- Қўшилди: 23.06.2021
- Кўришлар: 3970
- Чоп этиш