САЙЛОВ ЖАРАЁНЛАРИ ДИҚҚАТ МАРКАЗИМИЗДА

Жорий йилнинг 24 октябрь куни мамлакатимизда муҳим сиёсий воқеа – Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови бўлиб ўтади. Айни пайтда сайловга тайёргарлик кўриш жараёни қизғин паллага кириб бормоқда. Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази муассислигидаги “Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари” журнали ҳам сайловолди ва сайлов жараёнларини ёритиб бориш, аҳолига сайлов тўғрисидаги долзарб, ишончли ва ҳаққоний маълумотларни етказишда фаол иштирок этмоқда.

           Жумладан, журналнинг жорий йилдаги 3-сони Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига бағишланди. Журнал саҳифаларидан Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси раиси Зайниддин Низомхўжаевнинг “Президент сайлови: демократик ислоҳотларнинг мантиқий давоми”, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори, академик Акмал Саидовнинг “Янги Ўзбекистон сайлов қонунчилиги тараққиётининг асосий босқичлари”, ЎзЛиДеП Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси Актам Хаитовнинг “Президент сайлови – ҳаммамиз учун ғоят катта масъулият ва жиддий синовдир”, “Миллий тикланиш” демократик партияси Марказий Кенгаши раиси Алишер Қодировнинг “Миллий қадриятларга таянган тараққиёт”, “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси Баҳром Абдуҳалимовнинг “Адолат – ҳаётимизнинг бош мезони”, Ўзбекистон Экологик партияси Марказий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси Нарзулло Обломуродовнинг “Қонун устуворлиги – демократик давлат ва фуқаролик жамиятининг энг муҳим мезонидир”, Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши раиси Улуғбек Иноятовнинг “Сайловга янгича стратегия билан кириб бормоқдамиз”, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист Ғулом Мирзонинг “Сўз эркинлиги ва сайлов ҳуқуқи – халқаро андозалар ўлчамида” каби долзарб мақолалари ўрин олди.

           Журналнинг ушбу сони мамлакатимизнинг турли ҳудудларидаги барча обуначиларга етказиб берилди.

           Шунингдек, “Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари” журнали таҳририяти ходимлари А.Рамазонов, Ҳ.Мўминов, М.Ҳасанова ҳамда Л.Холиқулов сайлов жараёнларини ёритиш учун Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси томонидан аккредитациядан ўтказилди.

           Фурсатдан фойдаланиб, барча юртдошларимизни Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида фаол иштирок этиб, ўзлари танлаган номзодга овоз беришга чақирамиз. Зеро, Президент сайлови – келажак танлови демакдир.

 

“Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари”

журнали таҳририяти

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech