Сайлов қонунчилигидаги янгиликлар бўйича семинар ўтказилди

23 февралда Ўзбекистон Республикасининг хориждаги дипломатик ва консуллик ваколатхоналари раҳбарлари ва ходимлари учун 2021 йил 8 февралда қабул қилинган “Сайлов қонунчилиги такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонуннинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятига бағишланган видеоконференцалоқа шаклида семинар ўтказилди. Тадбир Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси томонидан Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ва Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Семинарда Ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Ф.Арзиев модераторлик қилди, дейилади elections.uz сайти хабарида. Тадбир иштирокчиларининг саволларига соҳа мутахассислари томонидан тегишли жавоблар берилди.

Женева шаҳридан онлайн тарзда иштирок этган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори А.Саидов ўз нутқида мазкур қонун билан Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 117-моддасига сайловларни ўтказиш билан боғлиқ муддатни декабрь ойидан октябрь ойига кўчириш ҳақидаги ўзгартиришнинг аҳамияти ва унга асос бўлган омиллар ҳақида сўз юритди. Шунингдек, сайловларни ташкил этишда мамлакатимизнинг хориждаги дипломатик ва консуллик ваколатхоналари олдида турган устувор вазифалар, жумладан, сайлов қонунчилигидаги янгиликлар мазмун-моҳияти ва аҳамиятини хориждаги ватандошларимизга ҳамда халқаро ҳамжамиятга етказиш хусусида тўхталди.

Марказий сайлов комиссияси раиси ўринбосари Б.Кучкаров янги қонунга биноан мамлакатимизда сайлов комиссияларини ташкил этиш, уларни ўзларига хос бўлмаган мажбуриятлардан ҳоли қилиш, сайлов жараёнини молиялаштириш босқичларини янада шаффофлаштириш ҳамда сиёсий партиялар фаолиятининг очиқ-ошкоралиги ва ҳисобдорлигини таъминлашга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар ҳақида маълумот берди.

Марказий сайлов комиссияси котиби Х.Маматов сайлов қонунчилигига киритилган ўзгартиришларга асосан хорижий мамлакатларда вақтинча ва доимий яшаб турган Ўзбекистон фуқароларининг сайлов ҳуқуқини эркин амалга оширишлари учун, хусусан, сайловчилар рўйхатига киритишда электрон воситалар орқали мурожаат қилишлари, хориждаги ватандошларимиз қайси ҳудудда бўлишидан қатъи назар, кўчма сайлов қутилари орқали улар зич яшайдиган жойларда муддатидан олдин овоз бериш ҳуқуқларини таъминлаш бўйича яратилган қўшимча имкониятлар, қулайликлар ҳақида батафсил ахборот тақдим этди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech