Сирдарёда «Президент сайловининг конституциявий-ҳуқуқий асослари: Ўзбекистон ва хорижий мамлакатлар тажрибаси» мавзусида халқаро форум бўлиб ўтади

1 июль куни Гулистон шаҳрида «Президент сайловининг конституциявий-ҳуқуқий асослари: Ўзбекистон ва хорижий мамлакатлар тажрибаси» мавзусида онлайн ва офлайн шаклларда халқаро конференция ўтказилади, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Мазкур анжуман Ўзбекистон Фанлар академиясининг Давлат ва ҳуқуқ институти, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон миллий маркази, Барқарор ривожланиш маркази томонидан Сирдарё вилояти ҳокимлиги билан ҳамкорликда ташкил этилмоқда.

Анжуман халқаро шериклар - Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тараққиёт дастури, Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилоти, Швейцария тараққиёт ва ҳамкорлик агентлиги кўмагида бўлиб ўтади.

Конференциянинг мақсадлари сайловларнинг конституциявий-ҳуқуқий асослари ва сайлов қонунчилиги ривожланиш тенденцияларини илмий таҳлил қилиш, шунингдек, сайлов қонунчилиги ва амалиётини янада такомиллаштириш юзасидан тажриба ва фикр алмашишдан иборат.

Бундан ташқари, Ўзбекистонда сўнгги йилларда сайлов меъёрларини тизимли ва изчил демократлаштириш ва либераллаштириш бўйича эришилган натижалар, жамият ва давлат ҳаёти, чинакам демократия, адолатли сайловларни ташкил этиш ва ўтказишда очиқлик, ошкоралик ва шаффофликни таъминлаш бўйича яратилган шарт-шароитлар тўғрисида халқаро жамоатчилик ва экспертлар хабардор қилинади.

Халқаро конференция ишида парламент, суд тизими, Марказий сайлов комиссияси, мамлакатнинг етакчи илмий-таҳлилий марказлари, сиёсий партиялар, фуқаролик жамияти институти вакиллари, шунингдек, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тараққиёт дастури, Парламентлараро Иттифоқ, Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти Демократик институтлар ва Инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси, Швейцария тараққиёт ва ҳамкорлик агентлиги, шунингдек, Тошкентдаги дипломатия корпуси вакиллари қатнашадилар.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тараққиёт дастури, Парламентлараро Иттифоқ, Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти Демократик институтлар ва Инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси, шунингдек, Қирғизистон Тараққиёт сиёсати институти, Россия ва Марказий Осиё бўйича тадқиқотлар маркази, Жавоҳарлал Неру университети (Ҳиндистон) вакиллари маъруза билан иштирок этиши назарда тутилган.

Конференция иши қуйидаги учта сессияга тақсимланган:

1-сессия. Фуқароларнинг сайлов ҳуқуқлари ва сиёсий партияларнинг президент сайловида иштирокини таъминлашнинг конституциявий-ҳуқуқий асослари: Ўзбекистон тажрибаси.

2-сессия: Фуқаролар сайлов ҳуқуқлари таъминланишининг конституциявий-ҳуқуқий асослари: халқаро ва хорижий мамлакатлар тажрибаси.

3-сессия: Замонавий шароитда Ўзбекистон сайлов қонунчилиги ва амалиётини такомиллаштириш.

Анжуманда, шунингдек, “Сайловларда сиёсий партияларнинг иштироки: Ўзбекистон тажрибаси”, “Сайлов жараёнининг инклюзивлиги ва очиқлигини таъминлашда фуқаролик жамияти гуруҳларининг аҳамияти”, “Универсал ва минтақавий ҳужжатларда қайд қилинган сайлов ҳуқуқининг халқаро стандартлари ҳамда сайловда халқаро кузатув: тамойиллар ва стандартлар” каби мавзулар муҳокама қилинади.

Халқаро конференция якунида Ўзбекистоннинг сайлов сиёсати ва қонунчилигини такомиллаштиришга оид тавсиялардан иборат Гулистон ҳужжатини қабул қилиш назарда тутилган.

Манба: "Дунё" АА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech