Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Қочоқлар ишлари бўйича агентлиги билан ҳамкорликда Қочоқлар мақоми тўғрисидаги Конвенция (1951 йил) билан таништириш бўйича онлайн-семинар ўтказилди.
Семинарнинг мақсади тадбир иштирокчиларини Қочоқлар мақоми тўғрисидаги Конвенция (1951 йил), қочоқларни ҳимоя қилиш бўйича халқаро ҳуқуқий стандартлар ва ратификациядан кейинги мажбуриятлар ҳамда ратификация қилишнинг турли хил амалиётлари билан таништиришдан иборат.
Тадбир давомида иштирокчиларга инсон ҳуқуқлари ва қочоқларни ҳимоя қилиш бўйича мавжуд тузилма, 1951 йилдаги Конвенция ва 1967 йилдаги Баённоманинг асосий қоидалари, шунингдек 1951 йилдаги Конвенцияни ҳимоя қилиш механизмлари ва интеграциялаш ҳақида маълумот берилди.
Иштирокчилар 1951 йилдаги Қочоқлар мақоми тўғрисидаги Конвенция, қочоқларни ҳимоя қилиш бўйича халқаро ҳуқуқий стандартлар ва Конвенцияга қўшилган давлатларнинг мажбуриятлари, унга қўшилиш амалиётининг турли кўринишлари, шунингдек инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишда ва қочоқлар манфаатларида ҳукуматнинг роли билан танишдилар.
Анжуманни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов ҳамда БМТ Қочоқлар ишлари бўйича агентлигининг Марказий Осиё бўйича вакили Ханс Фридрих Шоддер очиб берди.
Акмал Саидов ўз нутқида қочоқлар муаммоси ўта жиддий масала эканлигини, ҳамда бу муаммо одамларнинг асосий ҳуқуқларидан маҳрум қилиши ва уларнинг жамиятда тўлиқ иштирок этишига ва ҳисса қўшишига тўсқинлик қилишини таъкидлади. Қочоқлик инсоннинг таълим олишига, соғлиқни сақлашга, расмий бандлилигига, мулк ҳуқуқларига, ҳаракат эркинлигига таъсир қилиши мумкин.
Тадбирда Ташқи ишлар вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Адлия вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, ИИВнинг Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бош бошқармаси, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси, Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги, Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари, Давлат божхона қўмитаси, Миллий гвардия ва бошқа масъул давлат органи вакиллари иштирок этдилар.
Манба: parliament.gov.uz
- Қўшилди: 02.06.2021
- Кўришлар: 4115
- Чоп этиш