Спикер Н. Исмоилов М.Седерфельт бошчилигидаги делегация билан учрашди

2021 йил 26 октябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери Нуриддинжон Исмоилов Европада хавфсизлик ҳамкорлик ташкилоти Парламент Ассамблеяси раиси Маргарета Седерфельт бошчилигидаги делегация билан учрашди.

Мулоқот аввалида Н. Исмоилов Маргарета Седерфельтни Парламент Ассамблеяси раиси лавозимига сайлангани билан самимий қутлаб, унга муваффақият тилади.

Юқори мартабали меҳмонларга бугунги кунда мамлакат ҳаётининг барча жабҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, жумладан, Ўзбекистон Республикасининг ташқи сиёсий ва ташқи иқтисодий фаолияти хусусида батафсил маълумот берилди. Шунингдек, мамлакатимиз парламентининг қонунчилик фаолияти, норма ижодкорлиги, қўмита ва фракциялари иш услублари ҳамда парламентаризм соҳасидаги янгиликлар ҳақида сўзлаб берилди.

Учрашувда қайд этилганидек, бугунги кунда Ўзбекистон ЕХҲТ билан Марказий Осиёда хавфсизлик, трансмиллий таҳдидларга қарши курашиш, ташқи иқтисодий алоқаларни ривожлантириш, ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини яхшилаш каби масалалар бўйича ҳамкорлик алоқаларини олиб бормоқда.

Ўз навбатида, Маргарета Седерфельт самимий учрашув учун миннатдорлик билдириб, ўзаро алоқаларни янада мустаҳкамлаш, доимий равишда мулоқот олиб бориш муҳимлиги, бу бошқа йўналишлардаги ҳамкорликнинг ривожланишига асос бўлиб хизмат қилишини таъкидлади.

Суҳбат давомида юртимизда бўлиб ўтган сайлов жараёнлари юқори савияда ташкил этилгани, аҳолининг сиёсий маданияти юксалиб бораётгани, хусусан, илк бор овоз бераётган ёшларнинг фаоллиги кузатилгани таъкидлаб ўтилди. Айниқса, жисмоний имконияти чекланган сайловчиларга яратилаётган шароитлар эътиборга молик экани қайд этилди.

Конструктив ва амалий руҳда кечган мулоқотда Олий Мажлиснинг Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Парламент Ассамблеяси билан алоқаларини янада мустаҳкамлаш, бунинг учун муштарак мақсадлар йўлидаги куч-ғайратни бирлаштириш масалалари муҳокама этилди.

Манба:  Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси расмий сайти.

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech