Тарбия колониясига ташриф

Муқаддам хабар қилганимиздек, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг 2020 йил 29 декабрь куни Олий Мажлисга ва Ўзбекистон халқига йўллаган мурожаатномасида белгилаб берилган вазифаларнинг ижросини таъминлаш мақсадида жамоатчилик вакиллари билан биргаликда мунтазам равишда жазони ўташ муассасаларига “мониторинг ташрифлари” ўтказиш режалаштирилган.

Шундай мониторингларнинг бири жорий йилнинг 4 март куни Тошкент вилоятида жойлашган 24-сонли тарбия колониясида ўтказилди.

Мазкур тадбир Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази вакили ҳамда Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари буйича вакили (Омбудсман) ҳузуридаги қийноқ ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш бўйича жамоатчилик гуруҳи, Инсоннинг конституциявий ҳуқуқлари ва эркинликларига риоя этилиши бўйича комиссия аъзолари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида ташкил этилди.

Ушбу муассаса вояга етмаган шахслар учун ихтисослаштирилган бўлиб, мониторинг жараёнида дастлаб қисқа муддатли ва узоқ муддатли учрашув хоналари ҳамда телефон сўзлашув хоналарида яратилган шарт-шароитлар билан танишилди.

Тадбир иштирокчилари янги таъмирдан чиққан учрашув хоналарни кўздан кечирар экан, маиший-яшаш шароитлари белгиланган стандартларга, санитария-гигиена қоидаларига мослигига алоҳида эътибор қаратишди.

Мониторинг давомида, ошхонада вояга етмаган маҳкумларга овқат тайёрлаш жараёни кузатилди ҳамда озиқ-овқат таъминоти сифат ва меъёрларига амал қилиниши аҳволи кўздан кечирилди.

Тиббиёт бўлими ва вояга етмаган маҳкумларга тиббий хизмат кўрсатиш ҳолати билан танишиш давомида коронавирус инфекцияси билан зарарланиш хавфи ҳали ҳамон сақланиб қолинаётгани сабабли, ажратилиши зарур бўлган дори-дармонлар таъминоти ва уларнинг Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг COVID-19 билан касалланган беморларни даволаш бўйича тавсия қилинган протоколларга мослиги текширилди.

Қонун ҳужжатлари талабларига кўра, муассаса маъмурияти маҳкумларга таълим олиши, касбга ўрганишлари учун барча шароитлар яратиб бериши керак. Шу нуқтаи назардан, вояга етмаган маҳкумлар учун ўқишни ташкил этиш жараёни, кутубхона, спорт майдончалари ва бошқалар объектлар ўрганилди.

Бу йўналишдаги ишлар давом эттирилади.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий маркази

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech