Тошкент шаҳрида яна бир “Оила ва хотин-қизлар маскани” иш бошлади
Пойтахтимизнинг Яккасарой туманидаги Дилбулоқ маҳалласида “Оила ва хотин-қизлар маскани” ўз фаолиятини бошлади.
Масъулларнинг қайд этишича, эзгу мақсадлар йўлида оилаларнинг тотувлигини таъминлаш, уларнинг муаммо ва камчиликларини ўрганиш ҳамда тинчлик ва меҳр-оқибат муҳитини мустаҳкамлаш мақсадида ташкил этилган бу маскан ҳаёт остонасига қадам қўяётган ёшлар учун оилавий ҳаётга тайёргарлик кўриш, зарур билим ва кўникмаларни эгаллашда муҳим даргоҳга айланади.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги маълумотига кўра, “Оила ва хотин-қизлар маскани”да ҳар куни турли йўналишларда амалий машғулотлар, тренинглар ва маслаҳат учрашувлари режа асосида ўтказилади.

Жумладан, сешанба – оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш бўйича машғулотлар ҳамда шифокорлар қабулида маслаҳатлар куни, чоршанба – хотин-қизларни даромад топишга ўргатиш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, бандлик масалалари бўйича тренинг ва маслаҳатлар куни этиб белгиланди.

Шунингдек, пайшанба – тазйиқ ва зўравонликнинг олдини олиш, оилада соғлом муҳитни яратиш бўйича тренинглар ҳамда жабрланган фуқароларни қабул қилиш, жума – оилани мустаҳкамлаш, ажримларнинг олдини олиш, низоли вазиятларни ҳал этиш бўйича ўқув машғулотлари ва муаммоли оилаларни қабул қилиш ҳамда шанба – никоҳланаётган ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлашга қаратилган махсус ўқув машғулотлари куни ҳисобланади.
Мазкур маскан фаолияти орқали ҳар бир оила фаровонлиги, жамиятда аёллар фаоллигини ошириш ва соғлом ижтимоий муҳитни шакллантириш йўлида янги имкониятлар яратилади.
Гулноза Бобоева, ЎзА
Ўзбекча
English
Русский