Тошкентда кўзи ожизлар иштирокида халқаро саммит ўтказилди (+видео)
1932 йилда ташкил этилган Ўзбекистон кўзи ожизлар жамияти (ЎзКОЖ) кўриш бўйича ногиронлиги бўлган шахсларнинг ихтиёрий аъзолигига асосланган нодавлат нотижорат ташкилот ҳисобланади. Жамият кўзи ожиз фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, реабилитация қилиш, ижтимоий интеграциялаш, тенг ҳуқуқлилик ҳамда тенг ҳаёт имкониятларини таъминлашга кўмаклашиш мақсадида республика миқёсидаги жамоат бирлашмаси сифатида фаолият юритиб келмоқда.
Ўзбекистон кўзи ожизлар жамияти халқаро ва хорижий ташкилотлар билан ҳам самарали ҳамкорликни йўлга қўйган бўлиб, Осиё кўзи ожизлар уюшмаси ҳамда Бутунжаҳон кўзи ожизлар уюшмасининг аъзоси ҳисобланади. Шунингдек, Россия, Беларусь, Туркия, Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон, Туркманистон, Кувайт, Покистон ва Ҳиндистон давлатларида фаолият юритаётган кўзи ожизлар жамоат ташкилотлари билан яқин ҳамкорлик алоқалари олиб борилмоқда.
Шу мақсадда Тошкент шаҳрида Марказий Осиё давлатларида фаолият юритаётган кўзи ожизлар жамоат бирлашмалари вакиллари иштирокида “Янги даврда, янги Марказий Осиёда – бирдаммиз!” шиори остида минтақавий саммит бўлиб ўтди.
Саммитда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, Ўзбекистон ННТлар Миллий ассоциацияси, Осиё кўзи ожизлар уюшмаси аъзолари, Қозоғистон, Тожикистон ва Туркманистон давлатларида фаолият юритаётган кўзи ожизлар жамоат бирлашмалари вакиллари иштирок этди.
Саммит доирасида жамоат бирлашмалари раҳбарлари ўртасида кенг кўламли мулоқотлар, икки томонлама учрашувлар ташкил этилди. Кўзи ожиз фуқароларнинг ижтимоий ҳимояси, реабилитацияси, соҳада давлатлар томонидан амалга оширилаётган ислоҳотлар ва келгусидаги устувор вазифаларга бағишланган семинарлар ҳамда давра суҳбатлари ўтказилди.
ЎзКОЖ Марказий бошқаруви мезбонлигида ўтказилган мазкур тадбирлар Осиё ва Марказий Осиё минтақасида яшовчи кўриш бўйича ногиронлиги бўлган шахсларнинг интеграциясини таъминлашга хизмат қилиши шубҳасиз. Шунингдек, жамоат бирлашмалари ўртасида ҳамкорликни кучайтириш, тажриба алмашиш, доимий мулоқот платформасини яратиш, халқлар ўртасида дўстлик ва яхши қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этди.
Нигора Раҳмонова,
Ойбек Давронов (видео),
Улуғбек Тўхтаев (монтаж), ЎзА
Ўзбекча
English
Русский