Тошкентда “Замонавий конституциявийлик: миллий ва хорижий тажриба” мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтди

ТОШКЕНТ, 14 декабрь. /"Дунё" АА/. Бугун Тошкентда “Замонавий конституциявийлик: миллий ва хорижий тажриба” мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси кўмагида Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ (ИҲММ), Барқарор ривожланиш маркази ҳамда Давлат ва ҳуқуқ институти ҳамкорлигида ташкил этилган анжуманда мамлакатимизда конституциявий ислоҳотларни амалга оширишнинг замонавий тенденциялари, дунёнинг турли мамлакатлари, жамият ва давлат тараққиётининг мукаммал воқеликлари, Янги Ўзбекистонни ривожлантириш стратегияси учун мустаҳкам ҳуқуқий пойдевор яратиш масалалари муҳокама қилинди.

Конференцияда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, ИҲММ директори Акмал Саидов, Европа Иттифоқи делегацияси раҳбари, элчи Шарлотта Адриан, БМТ Тараққиёт дастурининг доимий вакили Матильда Димовска ва бошқа илмий-таҳлилий марказлари ва халқаро ташкилотлари вакилларининг маърузалари тингланди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, ИҲММ директори Акмал Саидов:

– Жаҳон амалиёти кўрсатганидек, туб ўзгаришлар даврида кўплаб давлатларда конституциявий ислоҳотлар амалга оширилди. Шу боис сенатор ва депутатлар, кенг жамоатчилик, халқимиз билан яна бир бор маслаҳатлашиб, конституциявий қурилишнинг жаҳон тажрибасини ўрганган ҳолда, мамлакатимизнинг бугунги ва истиқболли тараққиётини белгилаб берувчи Асосий қонунни такомиллаштириш масаласини пухта ўйлаб кўришимиз зарур.

Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси раҳбари, элчи Шарлотта Адриан:

– Бошқарув модели қандай бўлишидан қатъий назар, Конституцияда қонун устуворлиги, инсон ҳуқуқлари, фикр плюрализми каби дахлсиз тамойиллар ўз ифодасини топиши керак. Ҳар бир давлат ўзининг Асосий қонунига қандай ўзгартиришлар киритишни ўзи ҳал қилади.

 

БМТ Тараққиёт дастурининг доимий вакили Матильда Димовска:

– Конституция давлат тараққиёти ва имижига бевосита таъсир кўрсатади. Тўғри ишлаб чиқилган конституция демократик тараққиётни таъминлайди. Конституцияларга вақти-вақти билан ўзгартиришлар киритилиши керак. Конституцияни янгилаш жараёни шаффоф ва инклюзив бўлиши керак. Конституцияга ўзгартиришлар киритиш лойиҳасини ишлаб чиқишда фуқароларнинг иштирокини таъминлашнинг янги шакллари зарур.

Ҳуқуқшунос Уильям Эллиот Батлер (АҚШ):

- Агар давлат кўп тилли бўлса, Конституция матни ҳам ушбу тилларнинг барчасида бўлиши керак. Шу билан бирга, тўғри ҳуқуқий таржимани тақдим этиш ва асл нусхани бузиб кўрсатмасдан, тўғри етказиш муҳим аҳамиятга эга.

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech