2021 йил 14 июль куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашининг (Туркий Кенгаш) Будапештдаги ваколатхонаси ижрочи директори Янош Ховари билан учрашди.
Туркий Кенгаш БМТ Уставининг мақсад ва принциплари, шунингдек бошқа умумэътироф этилган принциплар ҳамда халқаро ҳуқуқ нормалари, шу жумладан, суверен тенглик, ҳудудий яхлитлик ва давлатларнинг халқаро эътироф этилган чегараларининг дахлсизлиги, халқаро тинчлик ва хавфсизликни қўллаб-қувватлаш ҳамда яқин қўшничилик, қардош ва дўстона муносабатларни ривожлантириш каби принциплар доирасида фаолият юритади.
Учрашув давомида Туркий Кенгаш билан Ўзбекистон Республикаси Парламенти ўртасидаги икки томонлама ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.
Мулоқот якунида Туркий Кенгашнинг Будапештдаги ваколатхонаси ижрочи директори Янош Ховари Ўзбекистон томонини 2021 йил 6 сентябрда Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 30 йиллигига бағишлаб Будапешт шаҳрида ўтказиладиган тадбирда иштирок этиш учун таклиф қилди. Ушбу тадбирда Туркий Кенгашга аъзо мамлакатлар вакилларининг қатнашиши режалаштирилган.
Маълумот учун: Туркий Кенгаш 2009 йилда ҳукуматлараро ташкилот мақомида тузилган бўлиб, асосий мақсади туркий тилли давлатлар ўртасидаги ҳар томонлама ҳамкорликка кўмаклашишдан иборат. Ўзбекистон ушбу Кенгашга 2019 йилнинг октябрида тўла ҳуқуқли аъзо сифатида қўшилган.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 15.07.2021
- Кўришлар: 3756
- Чоп этиш