Туркия суди эрнинг ўзга аёллар фотосуратига лайк босишини ажрашиш учун асос деб топди

Эр-хотинлар ижтимоий тармоқларда кимгадир лайк босишдан олдин энди икки марта ўйлаб кўриши керак бўлади.

Туркияда Фуқаролик ишлари бўйича суднинг апелляция палатаси ижтимоий тармоқларда ўзга аёлларнинг фотосуратлари остига «лайк» босиш никоҳга путур етказувчи хатти-ҳаракат сифатида баҳоланиши ва ажрашиш учун асос бўлиши мумкинлигини тан олди, деб ёзди Habertürk.

Дастлабки суд жараёни Қайсари шаҳрида бўлиб ўтди. Хотин судга мурожаат қилиб, эрининг бошқа аёлларнинг суратларига лайк босгани ва ўзини моддий жиҳатдан қўллаб-қувватламаганидан шикоят қилди. Хотин эридан 5 минг турк лираси миқдорида алимент, 500 минг турк лираси миқдорида моддий зарарни ундиришни талаб қилди. Эр ўз навбатида хотинини отасини ҳақорат қилганликда ва ўта рашкчи эканида айблаб, 500 минг турк лираси миқдорида моддий зарарни ундиришни сўради.

 Биринчи инстанция суди никоҳнинг барбод бўлишида эркакни «оғир айбдор» деб топди. Шунингдек, хотинига 40 минг турк лираси миқдорида моддий компенсация, шунча миқдорда маънавий компенсация ва 750 турк лираси миқдорида алимент тўлашга буюрди.

Эр суд қароридан норози бўлиб, юқори инстанцияга шикоят қилди. Апелляция инстанцияси барибир аёлнинг ҳақ эканини тасдиқлади, аммо компенсациялар миқдорини 30 минг турк лирасига камайтирди. Бироқ, алимент миқдори 1 минг турк лирасига оширилди.

Суднинг таъкидлашича, лайк босиш ўз-ўзидан хиёнат бўлмаса ҳам, никоҳдаги ишончга путур етказиши мумкин. Шундай қилиб, эр-хотиннинг «рақамли» хулқ-атвори ҳуқуқий аҳамиятга эга омилга айланди.

Таъкидланишича, суднинг бу қарори сезиларли прецедентни шакллантиради: Туркия судлари ижтимоий тармоқлардаги хатти-ҳаракатлар - лайклар, изоҳлар ва онлайн ўзаро муносабатларни эр-хотин садоқатини баҳолашга таъсир қилувчи ҳолатлар сифатида тобора кўпроқ эътиборга олмоқда.

Бу нафақат никоҳдан ажралишда айбдорликни тан олишга, балки жиддий моддий оқибатларга, компенсация ва мунтазам равишда алимент тўлашга ҳам олиб келиши мумкин.

Kun.uz

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech