2021 йил 24 июнь куни Бухоро шаҳрида “Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда глобал парламентлараро ҳамкорлик” Халқаро форуми ўз ишини давом эттирди.
Форум иштирокчилари сессиялар доирасида гуруҳларга бўлиниб, мавзуга оид долзарб масалаларни муҳокама қилдилар.
Хусусан, 6-сессия иштирокчилари БРМни амалга оширишда фуқаролик жамияти институтлари ва жамоатчиликнинг иштироки масаласини кўриб чиқдилар.
Сессияни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси раиси Ш.Бафаев, БМТ Болалар жамғармасининг (ЮНИСЕФ) Ўзбекистонда раҳбари М.Маммедзода олиб борди.
Ўзбекистондаги барча ислоҳотларнинг асоси “Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун” тамойилига асосланади, бу БРМнинг “Ҳеч ким эътибордан четда қолмайди” деган асосий тамойили билан чамбарчас боғлиқдир.
Фуқаролик жамияти ижтимоий муносабатлар ривожланишининг ажралмас қисми ва давлатда демократия, қонун устуворлиги ва шахс эркинлигининг энг муҳим кафолатидир.
БРМ қабул қилинганидан буён Ўзбекистон инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг қонуний ва амалий механизмларини такомиллаштириш, қонун устуворлигини мустаҳкамлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш борасида катта ютуқларга эришди. Мамлакатда Президентни Халқ қабулхоналари тизими ташкил этилди, маъмурий ислоҳотлар давом эттирилмоқда, электрон ҳукумат такомиллаштирилмоқда, ОАВ ва блогерларнинг мустақиллигини таъминлаш бўйича ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Сессия давомида иштирокчилар миллий БРМни самарали амалга оширишда парламентнинг фуқаролик жамияти билан ўзаро ҳамкорлиги, БРМни амалга оширишда миллий даражада фуқаролик жамиятининг инклюзив иштироки ва бошқа масалаларни муҳокама қилдилар.
Шунингдек, “Ихтиёрий миллий шарҳлар: олинган сабоқлар ва илғор амалиёт”, “Испания қонунчилиги ва Европанинг фуқаролик ташаббуслари: парламент демократиясини тўлдирувчи тўғридан-тўғри демократиянинг икки йўли”, “Фуқаролик жамиятини мустаҳкамлаш ривожланиш мақсадидаги халқаро ҳамкорликда асосий роль” мавзуларида тақдимотлар ўтказилди.
Манба: senat.uz
- Қўшилди: 24.06.2021
- Кўришлар: 3828
- Чоп этиш