БРЮССЕЛЬ, 2 февраль /«Дунё» АА/. Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари Акмал Саидов бошчилигидаги делегация Европа парламенти вице-президенти Хейди Хаутала билан учрашув ўтказди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Мулоқот чоғида ўзаро манфаатли бўлган соҳалардаги парламентлараро ҳамкорликнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.
Сиёсий мулоқотни фаоллаштириш, парламентлараро алоқаларни ривожлантириш, Ўзбекистон билан Европа Иттифоқи ўртасида Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим бўйича музокаралар жараёнини жадаллаштириш, шунингдек, минтақалараро алоқаларни кенгайтириш орқали муносабатларни фаоллаштириш муҳимлиги қайд этилди.
Хейди Хаутала Европа ва Марказий Осиё Афғонистондаги бугунги вазият, халқаро диний ақидапарастлик ва терроризм, молиявий беқарорлик таҳдиди тобора кучайиб бораётгани билан боғлиқ мураккаб даврни бошидан кечираётганини таъкидлади.
Унинг сўзларига кўра, Европа Иттифоқи савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантириш, иқлим ўзгариши каби таҳдидларга қарши курашда ҳамкорликни фаоллаштириш, шунингдек, оддий инсонлар ўртасидаги ришталарни кенгайтиришдан манфаатдор. “Бугунги кун тартиби биз мустаҳкамлашимиз керак бўлган ҳамкорлик кўламини ифодаламоқда. Шу билан бирга, истиқболдаги ишлар кўламини ҳам кўрсатмоқда”, - деди Европа парламенти вице-президенти.
Учрашувда Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ўзгаришлар, адлия, ички ишлар, инсон ҳуқуқлари ва қонун устуворлиги соҳаларидаги ислоҳотлар ҳақида маълумот тақдим этилди.
Янги Ўзбекистоннинг 2022-2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегиясининг мазмун-моғияти ҳақида сўзлаб берилди.
Томонлар Европа парламенти делегациясининг Ўзбекистонда бўлиб ўтган Президент сайловини кузатиш бўйича самарали иш олиб борганини қайд этди.
Мулоқот чоғида, шунингдек, турли даражадаги ва шакллардаги бўлажак тадбирлар жадвали юзасидан ҳам фикр алмашилди.
- Қўшилди: 02.02.2022
- Кўришлар: 2784
- Чоп этиш