Ўзбекистоннинг одам савдосига қарши кураш соҳасида эришган ютуқлари эътироф этилди

АҚШ Давлат департаментининг 2020 йилда одам савдосига қарши курашнинг дунё бўйича ҳолати таҳлилига бағишланган маърузаси эълон қилинди. Маърузада Ўзбекистон бу борада 2021 йилда иккинчи тоифага (Tier 2) ўтказилгани таъкидланганки, бу ўзгариш мамлакатимизнинг айни йўналишда ижобий натижага эришганини кўрсатади.

Илгари, 2018-2020 йиллар давомида Ўзбекистон иккинчи гуруҳ таркибида (Tier 2 Watch List) бўлиб келган. Бу гуруҳдаги мамлакатларга нисбатан алоҳида назорат олиб борилади.

Маърузада таъкидланганидек, “Ўзбекистон одам савдосига барҳам бериш учун сезиларли даражада саъй-ҳаракатларни амалга оширмоқда. Ҳукумат ҳисобот даврида, COVID-19 пандемия шароити унинг одам савдосига қарши курашиш борасидаги имкониятларига салбий таъсир кўрсатганига қарамай, айни соҳада ҳал қилувчи ютуқларга эришди; шунинг учун Ўзбекистон Назоратнинг 2-тоифаси рўйхатига ўтказилди”.

Маърузада Ўзбекистон қонунчилигидаги ўзгаришлар, хусусан, одам савдосига қарши курашиш тўғрисида янги қонун қабул қилингани, Жиноят кодексига болалар меҳнати учун жавобгарликни кучайтиришга қаратилган ўзгартиришлар киритилгани, ушбу соҳада жиноятларни аниқлашга оид ҳуқуқни қўллаш амалиёти такомиллаштирилгани алоҳида қайд этилган.

Шунингдек, Сурия, Ироқ ва Афғонистоннинг қуролли можаролар давом этаётган ҳудудларига бориб қолган аёллар ва болаларни ҳимоя остига олиш ҳамда жамиятга мослаштириш, бундан ташқари, пандемия шароитида меҳнат мигрантларини ижтимоий ҳимоя қилиш ва иш билан таъминлаш бўйича амалга оширилаётган ишларга эътибор қаратилган.

Маърузада Ўзбекистоннинг фуқаролик жамияти институтлари ва халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлигига ижобий баҳо берилган. Хусусан, ўзаро ҳамкорликда ҳар йилги пахта йиғим-терими мавсумида мажбурий меҳнатдан фойдаланиш ҳолатлари кескин камайгани таъкидланган.

Ўзбекистоннинг яна бир ютуғи сифатида маърузада Одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш бўйича Миллий комиссиянинг мувофиқлаштирилган фаолиятига урғу берилган. Шунингдек, мамлакатда одам савдоси жабрдийдаларини  аниқлаш (идентификация қилиш) ва қайта йўналтириш миллий механизмига асос солингани эътироф этилган.

Маърузада айни соҳадаги вазиятнинг таҳлили билан бир қаторда, Ўзбекистон назоратнинг навбатдаги, яъни АҚШ қонунчилигида қўлланадиган талабларга мос тоифаси рўйхатига (Trafficking Victims Protection Act – TVPA) киритилиши учун зарур бўлган жуда муҳим тавсиялар ҳам тақдим этилган.

Маълумот учун: Давлат департаментининг бу борадаги йиллик маърузасида жаҳон давлатлари, шу жумладан, Америка Қўшма Штатлари, 2000 йилда АҚШда қабул қилинган Одам савдоси жабрдийдаларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунга мувофиқ ҳолда, одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш борасида амалга оширган саъй-ҳаракатлар таҳлил қилинади. Бунда мамлакатлар Палермо протоколининг “Уч П” минимал андозалари асосида баҳолаб борилади. Бу ўринда “Уч П” тушунчаси – одам савдосига қўл урган шахсларни таъқиб этиш, одам савдоси жабрдийдаларини ҳимоя қилиш ва одам савдосининг олдини олишга доир стандартларни англатади.

 Давлат департаменти маърузасида мамлакатлар учта тоифага ажратилади.

Биринчи тоифага (Tier 1 List) – TVPA талабларини тўла бажараётган давлатлар, иккинчи тоифага (Tier 2 List) – ана шу талабларга мос келишга интилаётган мамлакатлар киритилади.

Иккинчи тоифа таркибида алоҳида назоратга олинган мамлакатлар гуруҳи (Tier 2 Watch List) ҳам мавжуд бўлиб, улар қаторидан тегишли талабларга жавоб беришга астойдил интилаётган мамлакатлар жой олади.

Учинчи тоифага (Tier 3 List) TVPAнинг энг кам талабларига ҳам мос келмайдиган мамлакатлар киритилади. Бунда тегишли мамлакатларнинг вазиятни ўзгартириш учун сезиларли ҳаракат қилмаётганидан келиб чиқилади.

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech