2021 йил 15 июль куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов ЮНЕСКО Бош директорининг ўринбосари Стефания Жаннини билан учрашди.
ЮНЕСКО Бош директорининг ўринбосари Стефания Жаннини Президент Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикасида Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Жаҳон таълим дастурининг тўртинчи босқичини амалга ошириш бўйича Миллий комиссиясини ташкил этиш тўғрисидаги ташаббусини юксак баҳолади. Шу жиҳатдан, Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий таълим дастури ишлаб чиқилаётгани жуда муҳим экани таъкидланди.
Мулоқот асносида томонлар инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим йўналишидаги ўзаро ҳамкорликнинг истиқболларини кўриб чиқдилар. Шунингдек, ЮНЕСКО вакилларининг бўлажак иккита муҳим халқаро тадбир – Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим бўйича глобал форум ва Ёшлар ҳуқуқлари бўйича бутунжаҳон конференциясида иштирок этиши билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 16.07.2021
- Кўришлар: 3778
- Чоп этиш