Халқаро конференция: Ўзбекистонда Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим бўйича узлуксиз тизим яратилган

Бу фикрлар 2021 йил 11 декабрда Тошкентда ўз ишини давом эттирган “Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим: халқаро тажриба ва миллий амалиёт” мавзусидаги халқаро конференцияда янгради.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ташаббуси билан ташкил этилган ушбу нуфузли анжуман БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармасининг Марказий Осиёдаги Минтақавий ваколатхонаси, ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги Лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси билан ҳамкорликда ўтказилди.

Офлайн ва онлайн шаклдаги мулоқотларни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармасининг Марказий Осиёдаги Минтақавий ваколатхонаси раҳбари Ришард Коменда, ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги Лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси элчи Пьер фон Аркс, Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ўринбосари Светлана Ортиқова бошлаб берди.

Халқаро анжуманда Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий таълим дастури лойиҳаси тақдим этилди. Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим истиқболлари кўриб чиқилди. Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим консорциумини яратиш бўйича миллий амалиёт ва бу борадаги хорижий тажриба атрофлича таҳлил қилинди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Бош прокуратура Академияси, Ички ишлар вазирлиги Академияси, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети, Тошкент давлат юридик университети раҳбарлари ҳамда профессор-ўқитувчилари

сўзга чиқди. Айниқса, Қозон университетининг юридик факультети, «Инсон ҳуқуқларини халқаро ҳимоя қилиш» магистрлик дастурини амалга оширувчи Россия Федерацияси университетлари консорциуми аъзолари ҳамда Раул Валленберг номидаги Инсон ҳуқуқлари ва гуманитар ҳуқуқ институтининг Европа идораси директори (RWI) билдирган фикрлар анжуман иштирокчиларида қизиқиш уйғотди.

Сўнгра халқаро конференция иши «Ёшларнинг инсон ҳуқуқлари масалалари бўйича хабардорлигини ошириш», «Инсон ҳуқуқлари соҳасида педагог кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш ва илмий тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш» ҳамда «Фуқаролик жамияти институтларининг инсон ҳуқуқлари бўйича таълим соҳасидаги фаоллигини ошириш»  мавзусидаги учта кичик сессияда давом этди.

Муҳокамаларда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, Ўзбекистон Ёшлар ишлари агентлиги, Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси, Ўзбекистон Ногиронлар ассоциацияси, Фуқаролик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш маркази мутахассислари, шунингдек халқаро ҳамкорлардан – БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий коммисари Бошқармаси, Парламентлараро Иттифоқ, Буюк Британия Жамоатчилик палатаси экспертлари фаол қатнашди.

Халқаро анжуман иштирокчилари билдирган фикр-мулоҳазалар негизида инсон ҳуқуқлари масалалари бўйича ёшлар хабардорлигини ошириш бўйича ёндашувларни мукаммаллаштириш, инсон ҳуқуқлари ва илмий тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш соҳасида педагог кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим бўйича фуқаролик жамияти институтларининг фаоллигини ошириш юзасидан тавсиялар ишлаб чиқилди.

Конференция доирасида “Режадан амалий ишга ўтиш босқичлари” номли инсон ҳуқуқлари бўйича тренинг методологиясига оид қўлланма тақдимоти бўлиб ўтди. Янги нашр БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармасининг Марказий Осиёдаги Минтақавий ваколатхонаси томонидан ўзбек ва рус тилида чоп этилган.

Бундан ташқари, «Рақамли авлод. COVID-19 пандемияси даврида инсон ҳуқуқлари бўйича таълим» мавзусида ёшлар ўртасида ўтказилган Республика кўрик-танлови ғолибларини тақдирлаш маросими ҳам ўтказилди.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech

Sahifadagi xatolar bo`yicha manzil:

Matn xato bilan:

Sizning izoxingiz yoki to`g`ri versiya: